Ўзбекистонда овқат маданияти меҳмондўстлик, қадрият ва миллий ғурурнинг бир қисми ҳисобланади. Бироқ бу қадриятнинг деярли эътиқод даражасига кўтарилгани ҳам рост. Сўнгги йилларда ортиқча вазн, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари ва юқори қон босими билан оғриётганлар сони ортиб бормоқда.

Ўзбек миллий ошхонаси дунёдаги энг мазали ва энг юқори калорияли ошхоналардан бири саналади. Бир лаган паловнинг бир порцияси 800–1200 килокалориягача етиши мумкин. Бу шаҳарликлар кунлик энергия эҳтиёжининг ярмидан ҳам кўпроғини ташкил этади.

Сомса, манти, лагмон, норин, хоним каби таомларда оқ ун, оқ гуруч, ёғ ва гўшт улуши жуда юқори. Бундай овқатлар организмга тез ва катта миқдорда энергия беради, аммо замонавий ҳаёт тарзида бу энергиянинг улкан қисми сарфланмай қоляпти.

Илгари бу муаммо эмас эди. Авваллари одамлар кун бўйи жисмоний меҳнат қилган. Деҳқончилик, чорвачилик, қурилиш, пиёда юриш кундалик ҳаётнинг бир қисми эди. Юқори калорияли палов ёки сомса шу сарфланган энергияни қоплаш вазифасини бажарган.

Бугун эса шаҳарлар демографияси зичлашяпти, аксарият одамлар компьютер олдида, офисда ишлайди, кун бўйи ўтириб мошин ҳайдайди Энергия сарфи кескин камайган, аммо овқатланиш одатлари деярли ўзгармаган.

Муаммо биргина таомда эмас. Сабзавотларни кам истеъмол қиламиз, овқат порциялари катта, оқ ундан қорилган нон истеъмоли юқори. Еечки пайт оғир овқатланиш ва
ҳаракатнинг камлигини ҳам инобатга олайлик. Ўзбек жамиятида меҳмонга кўп овқат тортиш ҳурмат белгиси ҳисобланади. “Яна олинг”, “оз ебсиз”, “шу луқмани ҳам тугатинг” каби илтифотлар миллий маданиятимизнинг бир қисмига айланган. Бу одат инсон организмининг физиологик эҳтиёжига эмас, ижтимоий босимга асосланади.

Миллий таомлардан буткул воз кечиш керак демоқчи эмасмиз. Уларни замонавий ҳаёт тарзига мослаштириш зарур. Бунинг учун порция ҳажмини кичрайтириш, ёғни камайтириш;
кўпроқ сабзавот истеъмол қилиш, оқ нон ва оқ гуруч миқдорини камайтириш, ҳар куни камида 30-40 дақиқа жисмоний фаоллик билан шуғулланиш мақсадга мувофиқ.

XXI аср ҳаёти XIX асрдаги меҳнат шароитидан мутлақо фарқ қилади. Илгариги овқатланиш тарзи ҳозирги камҳаракат ҳаёт билан уйғун эмас. Миллий ошхонани сақлаб қолиш муҳим, аммо унинг калорияси, порцияси ва тайёрлаш усулларини замонавий соғлом турмуш талабларига мослаштириш янада муҳимроқ.