Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемиров 29 июль куни агентликда штатлар қисқартирилаётган бир пайтда янги ходим ишга қабул қилинганини иддао қилиб чиқди. У яна Беҳзод Мусаев имзоси қўйилган икки ҳужжатни эълон қилди.

Ҳужжатларнинг биринчиси – Хорижга кетишдан олдин кўниктириш бўлими бош мутахассисига берилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш хати. Иккинчиси эса огоҳлантириш берилганидан қарийб бир ярим ой ўтиб, худди шу марказга янги бош мутахассисни ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқдир.

Тоштемировнинг даъво қилишича, қисқартирилаётган ходимларга марказдаги бўш лавозимлар таклиф қилинмаган, аксинча, улар ишдан кетиши кутилаётган пайтда ташқаридан янги ходим қабул қилинган.

Эълон қилинган биринчи ҳужжатда ходимнинг исми яширилган. Унда мазкур шахс Хорижга кетишдан олдин кўниктириш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлагани кўрсатилган.

Огоҳлантириш хатида Президентнинг 2025 йил 4 октябрдаги ПФ–178-сон фармони асосида Миграция агентлиги бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони белгилангани, агентлик директорининг 2025 йил 25 октябрдаги 128-сон буйруғи билан янги ташкилий тузилма тасдиқлангани айтилган.

Шу муносабат билан ходимнинг лавозими қисқартирилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 161-моддаси иккинчи қисми 2-банди асосида икки ойдан кейин бекор қилиниши маълум қилинган. Ҳужжатни ходим 2025 йил 28 октябрда олгани кўрсатилган.

Иккинчи ҳужжатга кўра, огоҳлантириш муддати ҳали тугамаган 2025 йил 9 декабрда Миграция агентлигининг Фуқароларни, жумладан ёшларни, чет тилларига ўқитиш ва хорижий давлатларда ишлашга мақсадли тайёрлаш марказига янги шахс бош мутахассис лавозимига уч ойлик синов муддати билан қабул қилинган.

448-SHT-сонли ушбу буйруқ ҳам агентлик директори Беҳзод Мусаев номидан расмийлаштирилган.

Демак, тақдим этилган ҳужжатларга қараганда, бир бош мутахассисга қисқартириш ҳақида огоҳлантириш берилганидан кейин, унинг икки ойлик огоҳлантириш муддати тугамасдан туриб марказга яна бир бош мутахассис қабул қилинган.

Меҳнат кодексининг 144-моддасига кўра, штат қисқариши сабаб меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мос бошқа ишни, бундай иш бўлмаса, ташкилотдаги бошқа мавжуд ишни таклиф қилиши шарт. Штат қисқариши асосида ишдан бўшатишга фақат шу талаблар бажарилганидан кейин йўл қўйилади.

Шундай экан, агар марказда қисқартирилаётган ходим малакасига мос бўш лавозим мавжуд бўлган ва бу лавозим унга таклиф қилинмасдан янги шахсга берилган бўлса, жараён Меҳнат кодекси талабларига зид деб баҳоланиши мумкин. Якуний хулоса барча кадрлар ҳужжатлари ўрганилганидан кейин берилиши лозим.

Тоштемиров, шунингдек, қисқартирилганлар орасида ҳомиладор ва меҳнатга вақтинча қобилиятсиз ходимлар ҳам бўлганини иддао қилмоқда.

Бироқ эълон қилинган огоҳлантириш хатининг ўзи ходим меҳнатга вақтинча қобилиятсиз бўлган пайтида ишдан бўшатилганини тасдиқламайди. Аксинча, ҳужжатда касаллик давридаги кунлар икки ойлик огоҳлантириш муддатига киритилмаслиги қайд этилган.

Меҳнат кодекси ходимни вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишни тақиқлайди. Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси асосида бекор қилишга эса, ташкилот тугатилаётган ҳолатдан ташқари, йўл қўйилмайди.

Тоштемиров марказдаги штатлар 16 тадан 8 тагача камайтирилгани, аммо Вазирлар Маҳкамасининг 213-сон қарорига тегишли ўзгартиш киритилмаганини ҳам қонунбузарлик сифатида кўрсатмоқда.

213-сон қарорнинг амалдаги матнида ҳақиқатан ҳам Миграция агентлиги тузилмасида 16 штат бирлигидан иборат мақсадли тайёрлаш маркази ташкил этилиши белгиланган.

Айни пайтда, қисқартиришга асос қилиб кўрсатилган ПФ–178-сон фармонда вазирлик ва идоралар раҳбарларига белгиланган умумий чекланган штат сони доирасида тизим ташкилотлари тузилмасига ўзгартиш киритиш ҳуқуқи берилган. Шу сабаб марказдаги ички штат ўзгаришининг қонунийлиги фақат 213-сон қарорга ўзгартиш киритилмагани билан эмас, ПФ–178 фармони, агентликнинг 128-сон буйруғи ва тасдиқланган умумий штат лимити биргаликда ўрганилган ҳолда баҳоланиши керак.

Элтузар 29 июль куни Тоштемировнинг агентликда амалда ишламагани айтилган икки шахсга давлат ҳисобидан 46 миллион сўмгача маош тўлангани ҳақидаги аввалги даъволарини ҳам ёритган эди. У мазкур шахслар Беҳзод Мусаев хонадонида ишлаганини иддао қилиб чиқди.

Тоштемиров бундан аввал E-8 визаси орқали ишчи юбориш жараёни, “NAIMIX” хусусий агентлиги, хизмат ресурсларидан шахсий мақсадларда фойдаланиш ҳамда ходимларга босим ўтказишга оид қатор айбловларни илгари сурган.

Миграция агентлиги аввалроқ айбловларни умумий тарзда “асоссиз” деб атаган, бироқ эълон қилинган ҳар бир ҳужжат ва эпизодга алоҳида, бандма-банд жавоб бермаган.