МУСАЕВНИНГ ЎЗИ ҚАНЧА МАОШ ОЛАДИ?
Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ва унинг ёрдамчиси Фаррух Мирзаахмедовнинг ойлик маоши ва устамалари юзасидан собиқ ходим Азизбек Тоштемиров эълон қилган рақамлар жиддий саволлар туғдирди. Элтузар агентликдан расмий изоҳ кутаётир.
Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев фаолияти юзасидан бир неча ойдан буён кескин айбловлар билан чиқиб келаётган агентликнинг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров янги маълумотларни эълон қилди. Бу сафар гап агентлик раҳбариятига яқин ходимларга тўланаётган катта миқдордаги иш ҳақи ва устамалар ҳақида бормоқда.
Тоштемировнинг телеграм каналида ёзишича, Мусаевнинг ёрдамчиси Фаррух Мирзаахмедовга 2026 йилнинг дастлабки етти ойида жами 405 миллион 589 минг сўм иш ҳақи ва тўловлар ҳисобланган.
У келтирган рақамлар қуйидагича: январда – 19,809 млн сўм, февралда – 57,896 млн, мартда – 76,462 млн, апрелда – 55,478 млн, майда – 89,720 млн, июнда – 45,958 млн ва июлда – 60,266 млн сўм.
Бу ҳисоб бўйича Мирзаахмедовга етти ойда ўртача ойига қарийб 58 миллион сўмдан тўғри келади.
Айниқса, май ойидаги қарийб 90 миллион сўмлик тўлов алоҳида савол туғдиради.
Тоштемиров бу маблағларнинг қанча қисми лавозим маоши, қанчаси устама, мукофот ёки бошқа рағбатлантирувчи тўловлар эканига аниқлик киритилишини талаб қилмоқда.
«Унда Мусаевнинг ўзи қанча олади?»
Янги постда Тоштемиров янада муҳим саволни ўртага ташлаган. Агар Агентлик раҳбарининг ёрдамчиси айрим ойларда 60–90 миллион сўм атрофида маблағ олаётган бўлса, директор Беҳзод Мусаевнинг ўзига қанча иш ҳақи, устама ва мукофот ҳисобланади?
Тоштемировнинг иддаосига кўра, Мусаевнинг айрим ойлардаги тўловлари 85 миллион, 117 миллион ва ҳатто 123 миллион сўмгача етиши мумкин.
Бироқ Элтузар ихтиёрида ҳозирча мазкур рақамларни тасдиқловчи Мусаев ёки Мирзаахмедовнинг расмий ҳисоб варақалари мавжуд эмас. Шу сабаб бу суммалар Тоштемиров билдирган даъволар сифатида келтирилмоқда.
«ЎЛИК ЖОНЛАР» БЎЙИЧА ДАЪВОДАН КЕЙИН ЖИНОИЙ ИШ
Тоштемировнинг бу галги чиқиши олдинги «ўлик жонлар» ҳақидаги айбловлар фонида янада жиддий тус олмоқда.
У аввал Миграция агентлигида айрим шахслар амалда ишламаса ҳам ходим сифатида расмийлаштирилиб, уларга катта миқдорда иш ҳақи тўланганини иддао қилган эди. У бу жараёнда Агентликнинг кадрлар бўлими раҳбари Олим Қодировнинг ролини ҳам тилга олган.
Кейинчалик Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ўтказган терговга қадар текширувда Агентликнинг икки ходими – Б.Д. ва Н.А.га амалда ишламаган даври учун 931,6 миллион сўм иш ҳақи ҳисоблангани маълум қилинди.
Бундан ташқари, интизомий жазоси амал қилиб турган яна саккиз нафар ходимга Меҳнат кодекси талабларига зид равишда 88,5 миллион сўм тўлангани аниқланган.
Жами гап 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳақида кетмоқда. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Шу билан бирга, расмий маълумотда мазкур маблағларни Беҳзод Мусаев шахсан тайинлагани, ўзлаштиргани ёки бу схемадан манфаат кўргани айтилмаган. Тергов Агентликнинг «масъул шахслари»га нисбатан олиб борилаётгани маълум қилинган.
Агар Фаррух Мирзаахмедовга етти ойда 405,6 миллион сўм тўлангани ҳақидаги рақамлар ҳақиқат бўлса, ушбу маблағнинг таркиби очиқланиши керак: асосий маош қанча, устама қанча, мукофот қанча ва улар қайси натижа учун берилган?
Худди шу савол Беҳзод Мусаевнинг ўзига ҳам тааллуқли.
Агентлик меҳнат мигрантлари билан ишлайдиган давлат ташкилоти экан, фуқаролардан олинаётган хизмат ҳақлари, бюджет маблағлари ва улар ҳисобидан амалга оширилаётган тўловлар жамоатчилик учун ёпиқ мавзу бўлиб қолмаслиги керак.
Элтузар Миграция агентлигидан Беҳзод Мусаев ва Фаррух Мирзаахмедовга 2026 йилнинг январь–июль ойларида ҳисобланган иш ҳақи, устама ва мукофотлар миқдори, уларни тайинлаш асослари ҳамда маблағларнинг манбаси юзасидан изоҳ беришга тайёрлигини кутади.
Агентлик ёки мақолада номи тилга олинган шахслар муносабат билдирса, Элтузар уларнинг позициясини ҳам эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг