Миграция агентлиги раҳбарияти ва ходимлари атрофида сўнгги кунларда тарқалаётган оғир иддаолар юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

Агентлик баёнотида айрим Telegram каналлари ва интернет ресурсларида Миграция агентлиги раҳбарияти ҳамда ходимларига нисбатан “ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган ва бир томонлама талқин қилинган маълумотлар” тарқатилаётгани айтилган.

Шу билан бирга, баёнотда Элтузар мақоласида тилга олинган асосий иддаоларга — “мрамор гўшт”, қимматбаҳо маҳсулотлар, Hyundai Palisade автомобили, 150 минг долларлик харажат, бюджет маблағи ҳисобидан машина олиб бериш эҳтимоли, Президент Администрациясига қилинган шикоят ҳақидаги даъволарга аниқ ва пунктма-пункт жавоб берилмаган.

Агентлик умумий тарзда “асоссиз маълумотлар” ҳақида гапирган, аммо жамоатчиликни қизиқтираётган асосий саволларга ҳозирча аниқлик киритмаган.

Элтузар 19 июнь куни Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев атрофидаги иддаолар ҳақида мақола эълон қилган эди. Мақолада халқаро қидирувдаги собиқ ходим Азизбек Тоштемировнинг ижтимоий тармоқларда билдирган баёнотлари асосида Мусаевга нисбатан қатор оғир даъволар келтирилган. Шу билан бирга, мақолада ушбу иддаолар расмий манбалар томонидан тасдиқланмагани алоҳида қайд этилган.

Миграция агентлиги эса ўз баёнотида мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган. Текширув натижаларига кўра барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган.

Бироқ бу ерда яна бир муҳим савол туғилади: агар текширув ҳақиқатан ҳам олиб борилаётган бўлса, у айнан қайси иддаоларни қамраб олган? “Hyundai Palisade” масаласи текшириляптими? 150 минг доллар ҳақидаги даъво ўрганиляптими? Қимматбаҳо маҳсулотлар ва ходимлардан пул йиғишга оид иддаолар юзасидан кимлардан тушунтириш олинган? Президент Администрациясига шикоят қилингани ҳақидаги гаплар текширув доирасида борми?

Жамоатчиликка умумий огоҳлантириш эмас, аниқ жавоб керак.

Агентлик баёнотида шахсий маълумотларни тарқатиш, шаън ва қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларни эълон қилиш ҳамда жамоатчиликни чалғитишга қаратилган ҳаракатларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Элтузар давлат органларининг қонун доирасидаги ҳуқуқларини ҳурмат қилади. Бироқ жамоатчилик манфаатига дахлдор оғир иддаоларни ёритиш, давлат идоралари раҳбарларига савол бериш ва расмий муносабат талаб қилиш оммавий ахборот воситаларининг қонуний ва касбий вазифасидир.

Бу ерда гап шахсий можаро ҳақида эмас. Гап давлат идораси, миграция тизими, бюджет маблағлари, мансаб ваколати, хорижга ишга юборилаётган фуқаролар ва юқори лавозимли амалдорлар ҳисобдорлиги ҳақида кетмоқда.

Агар Азизбек Тоштемировнинг иддаолари ёлғон бўлса, Миграция агентлиги ва Беҳзод Мусаев уларни аниқ далиллар билан рад этиши керак. Агар бу иддаоларда ҳақиқат улуши бўлса, жавобгарлик фақат қуйи ёки ўрта бўғин ходимлари билан чекланмаслиги лозим.

Элтузар Миграция агентлигининг баёнотини тўлиқ эълон қилишга тайёр. Шунингдек, Беҳзод Мусаев, Миграция агентлиги, Бош прокуратура ва бошқа масъул идораларнинг ушбу иддаолар юзасидан аниқ, расмий ва далилларга асосланган жавобларини ҳам ҳеч қандай таҳрирсиз чоп этишга тайёрлигини билдиради.

Бироқ ҳозирча асосий савол очиқ қолмоқда: Миграция агентлиги иддаоларни умумий рад этиш билан чекланадими ёки ҳар бир даъвога аниқ жавоб берадими?