МУСАЕВ КЕТДИ, «ИККИ АГЕНТЛИК» СИРИ ҚОЛДИ
Азиз Тоштемиров Миграция агентлиги атрофида “иккита агентлик” ва маблағлар бошқаруви бўйича навбатдаги иддаоларни кўтарди. Элтузар эса ҳужжатлар асосида эски ва янги агентликнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда очиқ қолган саволларни таҳлил қилади.
Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азиз Тоштемиров яқинда лавозимидан озод этилган агентлик директори Беҳзод Мусаев фаолиятига доир навбатдаги иддаоларни эълон қилди.
У Koreya 24 soat Telegram-каналида «Битта вазифа, иккита Агентлик. Мусаевнинг растрата ишлари» сарлавҳаси остида бир қатор ҳужжатларни келтириб, эски Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан янги Миграция агентлиги бир вақтда алоҳида СТИР рақамлари билан мавжуд бўлганига эътибор қаратди.
Аммо Элтузар текширган расмий маълумотлар бу ҳолатни “иккита бир хил агентлик параллел ишлаяпти” деб талқин қилиш учун ҳозирча етарли асос бермаслигини кўрсатади.
Президентнинг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ–162-сон фармони асосида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини тугатиш ва унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлигини ташкил этиш белгиланган. 2025 йил 22 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг 252-сон қарорида ҳам эски агентлик фаолияти тугатилгани, янги агентлик эса ташкил этилгани очиқ қайд этилган.
Тоштемиров келтирган ҳужжатларда эса муҳим бир ўхшашлик бор.
2018 йилги эски агентлик низомида ҳам, 2025 йилда тасдиқланган янги Миграция агентлиги низомида ҳам асосий вазифалардан бири сифатида Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш кўрсатилган.
Бу ўхшашликнинг ўзи, бироқ, иккита орган бир вақтда бир хил давлат функциясини бажараётганини исботламайди. Янги тузилма эски агентлик вазифаларини давом эттириш учун ташкил этилган.
ИККИТА СТИР ҲАҚИҚАТ, АММО МУҲИМ ТАФСИЛОТ БОР
Эски Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг СТИР рақами – 201121089.
Янги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг СТИР рақами эса –311710090. Давлат активларини бошқариш агентлиги базаси янги ташкилотни ҳозирда фаол ва солиқ мажбуриятларига эга давлат муассасаси сифатида кўрсатмоқда.
Энг муҳим жиҳат шундаки, расмий Давактив базасида 201121089 рақамли эски Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги “ихтиёрий тугатиш жараёнида” деб кўрсатилган. Бошқа очиқ корпоратив маълумотлар базасида бу жараён 2026 йил 17 февралдан бошлангани қайд этилган.
Шунинг учун эски ташкилотнинг СТИР рақами реестрда ҳали ҳам кўриниши унинг янги агентлик билан тенг равишда миграция сиёсати юритаётганини англатмайди.
Бироқ эски агентликнинг фаолияти 2024 йилда тугатилиши белгиланган бўлса, нега уни расмий тугатиш жараёни фақат 2026 йил февралида қайд этилган?
Айнан мана шу даврда унинг ҳисобрақамлари, активлари, штатлари ва молиявий мажбуриятлари қандай бошқарилгани очиқ тушунтиришни талаб қилади.
ХОДИМЛАРНИ БЎШАТИШ МАСАЛАСИ АВВАЛ ҲАМ САВОЛ ТУҒДИРГАН
ПФ–162 бўйича янги Миграция агентлиги эски тузилманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис сифатида кўрсатилгани сабаб, ўша пайтда эски агентлик ходимларини «ташкилот тугатилди» деган асосда оммавий равишда ишдан бўшатиш қонунийлиги ҳам баҳсларга сабаб бўлган.
Меҳнат ҳуқуқи бўйича ихтисослашган YURISTKADR канали бу ҳолатда меҳнат қонунчилиги бузилган бўлиши мумкинлигини ёзган ва айрим бўшатилган ходимлар масаласи билан шуғулланишини билдирган.
Тоштемиров эса энди бу жараённи янада оғирроқ айблов билан боғламоқда. Унинг даъвосига кўра, эски тузилма ходимларини ишдан бўшатиш ортида уларнинг ўрнига «пора эвазига» янги кадрларни қабул қилиш мақсади бўлган.
Элтузар бу иддаони мустақил тасдиқлайдиган прокуратура ҳужжати, суд қарори ёки бошқа расмий далилни ҳозирча топмади. Шунинг учун бу гап Тоштемировнинг айблови сифатидагина келтирилмоқда.
БУ МУСАЕВ АТРОФИДАГИ БИРИНЧИ МОЖАРО ЭМАС
Элтузар аввал ҳам Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилган даврда Миграция агентлиги фаолияти бўйича қатор материаллар эълон қилган.
Жумладан, Тоштемиров томонидан E-8 дастури, NAIMIX билан боғлиқ муносабатлар, агентликда амалда ишламагани иддао қилинган шахсларга катта миқдорда иш ҳақи ҳисобланиши ва расмий статистикага оид саволлар кўтарилган эди. Кейинчалик Kun.uz ҳам Тоштемировнинг Наби Атаханов ва Баҳром Жаббаров номли икки ходимга бир ойнинг ўзида мос равишда 44,4 миллион ва 46,5 миллион сўм ҳисоблангани ҳақидаги маълумотларини келтирди.
Шу даврда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Миграция агентлигида 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганини маълум қилган.
МУСАЕВ КЕТДИ, САВОЛЛАР ҚОЛДИ
Беҳзод Мусаев 3 сентябрь куни Миграция агентлиги директори лавозимидан «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» озод этилди. Унинг ўрнига Ўзбекистоннинг Япониядаги собиқ элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов тайинланди.
Мусаев лавозимдан кетганидан кейин эса унинг раҳбарлиги даврига оид иддаолар тўхтагани йўқ.
Тоштемировнинг сўнгги чиқиши «иккита агентлик» деган кескин хулосадан кўра, бошқа – аниқроқ саволни кун тартибига олиб чиқмоқда:
2024 йилда фаолияти тугатилган деб эълон қилинган давлат ташкилоти нега 2026 йилга қадар юридик жиҳатдан ёпилмаган ва бу оралиқ даврда унинг пуллари, активлари, штатлари ҳамда мажбуриятлари қандай бошқарилган?
Бу саволларга Миграция агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда назорат қилувчи органларнинг расмий жавоби ҳозирча очиқ манбаларда кўринмади.
Элтузар барча томонларнинг муносабатини беришга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг