Адвокат Сайдали Мухторалиев Миграция агентлигидан ноқонуний бўшатилган 21 нафар ходим фойдасига қарийб 20 млрд сўм ундириш ҳақида суд қарори чиққанини маълум қилди.

Унинг ёзишича, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Умида Мардиева ушбу ходимлар бўйича якуний қарорни эълон қилган.

Мухторалиевга кўра, даъво ходимларни ишга тиклаш ҳақидаги аввалги суд қарорлари ижро қилинмагани сабабли киритилган. Адвокат бутун ижро қилинмаган давр учун қўшимча иш ҳақи ҳамда Меҳнат кодексининг 333-моддаси асосида фоизлар ундиришни сўраган.

Суд ушбу талабларни қаноатлантириб, ходимлар фойдасига қарийб 20 млрд сўм маблағ ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Адвокатнинг таъкидлашича, бу сумма аввалги суд қарорларида белгиланган ундирувларга қўшимча ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, ижродаги умумий сумма шу тариқа 30 млрд сўмга етиши мумкин.

Сайдали Мухторалиев суд қарорини “адолатли” деб баҳолаб, ишда ташкилий масалалар ва ҳисоб-китоблар унинг шогирди Файзулла Раҳмоналиев зиммасида бўлганини ҳам қайд этган.