ХОДИМЛАР, ИШ БЕРУВЧИЛАР ВА ДАВЛАТ МАНФААТЛАРИНИНГ МУВОЗАНАТИ ТАЪМИНЛАНИШИ ЗАРУР
Мақолада Ўзбекистондаги Меҳнат кодекси, махсус ҳуқуқий режимлар ва «at-will»га ўхшаш келишувлар орқали ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатлари ўртасидаги мувозанат қандай ўзгараётгани, меҳнаткашлар ҳуқуқлари учун хавфлар таҳлил қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 1-моддасига мувофиқ ушбу Кодекс ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Яъни мазкур кодекс меҳнатга оид ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий экотизимидир.
Бизни ўйлантираётгани, халқаро шартномалар ва конвенциялардаги мажбуриятлар четга сурилиб, аста-секин ҳақиқий капиталистик руҳдаги меҳнат қоидалари бизга ҳам шиддат билан кириб келаётганидир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 29-бобида микрофирмаларда ва иш берувчи бўлган жисмоний шахсларда ишловчи шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ёритилган бўлиб, ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қанча енгилликлар берилган. Буни янада либераллаштириш чақириқлари бор.
2026 йил 13 июлдаги ЎРҚ-1158-сонли Конституциявий қонун, 2026 йил 13 июлдаги ЎРҚ-2258-сонли, 2026 йил 19 августда ЎРҚ-1169-сонли қонунлар маълум бир ҳудудда махсус ҳуқуқий режим жорий этилса, бу ҳудудда Меҳнат кодекси эмас, иш берувчиларнинг ва инвесторларнинг манфаатларини кўпроқ ҳимоя қиладиган янги қонун нормалари қўлланилишини белгилаб берди. Бу ҳудудларда меҳнатга оид муносабатлар шартномавий тартибга солиш ва шартнома эркинлиги тамойилларига асосланади, ходимларни осонроқ бўшатиш, осонроқ интизомий жазолаш, ўзи белгилаган иш ҳақини тўлаш мумкин бўлади. Бу ҳудудларда Меҳнат Кодекси устувор бўлмайди. Механизм тахминан қуйидагича ишлайди – ишга киришдан олдин иш берувчи ва ходим ўртасида алоҳида меҳнат келишуви тузилади, унга кўра, иш берувчи ходимни исталган вақтда огоҳлантирмасдан ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Англо-саксон ҳуқуқида at-will тамойиллари бўйича тузиладиган махсус меҳнат келишувлари бор. Бундай келишувларга кўра иш берувчи ходимни ҳар қандай сабабга кўра, исталган вақтда ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлади, бунда фақат ходимни камситишга йўл қўйилмаслиги керак.
Мамлакатда бозор қонунлари устувор бўлар экан, бундай “махсус” қоидалар яқин йилларда тадбиркорлар ва инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ниқоби остида умумийлашиш, яъни, олдин маҳаллий бизнес ва нодавлат ташкилотлар, кейинроқ барча ташкилотлар учун жорий этилиши мумкинлиги меҳнат ҳуқуқи фаолларини хавотирга солади.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчисига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чеклов қўйилган. Шундай бўлсада, қарийб 50 фоиз давлат хизматчисининг ўз бизнеси бор ва у бевосита бўлмаса ҳам, билвосита ўз бизнеси билан шуғулланади. Лекин, шу кунга қадар бирорта давлат хизматчиси бизнес билан шуғуллангани учун ишдан олинганини эшитмадик. Юқоридаги каби нормалар жорий қилинишида буларнинг ўрни бўлмайди деб, ҳеч ким кафолат бермайди.
Бизда ҳам меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим бўлган касаба уюшмалари бор. Бир вақтлар жаҳонда иш ташлаш қўмиталари сифатида фаолият кўрсатган касаба уюшмалари ўз вақтида меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳозирги давлат меҳнат инспекциясидан ҳам яхшироқ ҳимоя қилган. Бу фаолияти учун фаоллар турмаларга ташланган. Ҳозирда эса, булар давлат ва иш берувчилар билан чатишиб кетган, буларнинг вазифалари қаерда бошланиб, қаерда тугашини ҳеч ким билмайди. Қанча ишхонада ишлаган бўлсам касаба уюшмалари ходимни ҳимоя қилиб, иш берувчига қарши чиққанини кўрмаганман гарчи, бундай вазиятлар юзага келган бўлса ҳам. Булар меҳнаткашлар бўлмиш ўз аъзолари ҳисобига мавжудлигини унутмаслиги керак.
Меҳнат ҳуқуқи фаолларини ушбу мавзуни жамоатчилик назоратида ушлаб туришга чақирамиз.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг