ЎЗБЕКИСТОНДА ЎРАНГАН АЁЛЛАР ИМКОНИЯТЛАРИ ЧЕКЛАНГАНИЧА ҚОЛМОҚДА
Ўзбекистонда Меҳнат кодексига харассмент ва камситишга оид янги меъёрлар киритилмоқда, аммо давлат идораларида рўмол ўраган аёлларни ишга қабул қилмаслик амалиётига ҳали ҳуқуқий баҳо берилмаяпти, дея танқид қилади ҳуқуқшунос.
Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг 111-сонли Конвенцияси меъёрларини миллий қонунчиликка жорий этиш ҳаракатлари бошланди.
Меҳнат Кодексида меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш белгилари “терисининг ранги” ва “сиёсий қарашлар” тушунчалари билан тўлдирилмоқда. Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилди.
Меҳнат муносабатларида инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, иш жойларида шаҳвоний шилқимлик (харассмент)нинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Меҳнат Кодексини меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймасликка оид янги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Қизиғи, Ўзбекистонда рўмол ўраганлик (“ўранганлик”) учун давлат бошқаруви идораларига ишга қабул қилмаслик бўйича “ёзилмаган қонун”ни бекор қилиш, бундай иш берувчиларни жазолаш таклифини киритиш бирор депутатнинг ҳаёлига келмади.
“Терисининг ранги” ва “сиёсий қарашлари” туфайли ишга олмаса иш берувчи жазоланади, рўмол ўраганлик (“ўранганлик”) учун давлат бошқаруви идораларига ишга олмаса иш берувчи жазоланмайди. Кимдир тушунтириб юборадими?
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг