ҚОНУННИ РЕПРЕССИЯ ДЕБ БАҚИРМАНГ: МАСТЛИК, ҚОИДАБУЗАРЛИК ВА ЗЎРАВОНЛИККА ОҚЛОВ ЙЎҚ!
Маст ҳолда, давлат рақамисиз машина ҳайдаш, бошқа автоуловга урилиш ва ЙПХ ходимига қўл кўтариш – бу оддий хато эмас, жиноят аломатлари. Муаллиф блогерларнинг “репрессия” ҳақидаги бақир-чақирини беасос деб, қонун олдида жавобгарликни ёдга солади.
Ҳозир Тошкандию Термизий, Зоминию Арнасоий дегич блогерчлар чиқиб, “вой дод, окамгилада нима айб бор?” деб саҳна қўйяпти. Кўзларидан тимсоҳнинг ёши оқяпти. Оддий ва қонуний қарорни олиб, уни Сталин даври репрессиясига тенглаштириш эса мутлақо беҳаёлик. Мана шу ерда уларга қатъий стоп дейиш керак.
Аввало, видеони бир кўриш билан воқеанинг барча тафсилотини тўлиқ англаш қийин. Лекин ҳатто шу видеонинг ўзидан ҳам бир нечта очиқ ва рад этиб бўлмайдиган хулосалар чиқади.
Биринчидан, ака-укалар маст бўлган. Бунинг ўзиёқ жиддий ҳолат.
Иккинчидан, агар рулда укаси маст ҳолда бўлган бўлса, уни энг аввало ёнидаги одам, оддий фуқаро эмас, подполковник, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи Шерзод Пардаев тўхтатиши керак эди. У: “Ичгансан, машина ҳайдамайсан. Такси чақирамиз,” дейиши шарт эди. Чунки қонунни ҳам, масъулиятни ҳам у бошқалардан яхши билиши керак.
Учинчидан, мастликнинг ўзи етмагандек, машина давлат рақамисиз ҳаракатланган. Бу аллақачон иккинчи қоидабузарлик. Бошқа машинага бориб урилган – бу учинчи қоидабузарлик.
Тўртинчидан, ЙПХ ходимига тирсак ёки мушт ишлатиш энди оддий жанжал эмас. Бу очиқ жиноят аломати.
Шундан кейин туриб, “начальникни подстава қилишди” деган гапни айтиш ақлсизликнинг ўзи. Ким уларга ич деди? Ким уларга ичиб машина ҳайда деди? Ким уларга рақамсиз машинада юр деди? Ким уларга давлат ходимига қўл кўтар деди?
Ҳеч ким. Подстава қилаётган ака-уканинг ўзлари эмасми?
Демак, бу ерда айбни четдан қидириш, қонунни қоралаш ёки жамоатчиликни ҳиссиётга ўйнаш билан чалғитиш керак эмас. Масала жуда оддий: қоида бузилган, қонун поймол қилинган, энди жавобгарлик ҳам бўлади.
Шунинг учун бақир-чақирни йиғиштиринглар. Оқни қора, қорани оқ қилишга уринманглар. Акаларинг хатога йўл қўйган бўлса, шуни тан олинглар. Шаҳар бедарвоза эмас. Қонун ҳам томоша эмас.
Гап тамом. Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга эса катта раҳмат. Одил раҳбар шундай бўлади!
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг