Элтузарда сўнгги вақтларда Тошкент вилояти Педагогик маҳорат маркази ҳамда унинг раҳбари Тимур Калмуратов фаолиятига оид қатор танқидий материаллар эълон қилинди. Бу гал таҳририятга марказнинг ўзида ишловчи бўлим бошлиғи Хушнамо Бурхонхўжаева мурожаат қилиб, аввалги материаллардаги айрим даъволарга эътироз билдирди.

Элтузарнинг аввалги материалларида марказдаги меҳнат муносабатлари, ходимларни таътил вақтида ишга жалб қилиш ҳолатлари, айрим ходимлардан пул йиғилиши ҳақидаги шикоятлар, устама ва рағбатлантириш пулларининг тақсимланиши, айрим ходимларга 200 фоизгача устама берилиб, бошқаларнинг тўловсиз қолгани ҳақидаги даъволар, шунингдек, раҳбариятнинг ходимларга муносабатига оид мурожаатлар ёритилган эди.

Ушбу маълумотларнинг бир қисми марказ ходимлари ва таҳририятга мурожаат қилган манбаларнинг баёнотларига асосланган бўлиб, Элтузар улар юзасидан қарши томон позициясини ҳам олишга ҳаракат қилган.

Хушнамо Бурхонхўжаева эса ўз мактубида марказ ва унинг раҳбари ҳақида нега мунтазам танқидий материаллар чиқарилаётганини сўраган.

«Шу охирги пайтлар Тошкент вилояти Педагогик маҳорат маркази ва унинг раҳбари Калмуратов Тимур ҳақида кўп ёзяпсиз, шунинг сабаби нима эканлигини билмоқчиман», – дейди у.

Бурхонхўжаеванинг таъкидлашича, Тимур Калмуратов марказ фаолияти учун «куну тун меҳнат қилади» ва ходимларга оғирлиги тушмайди.

У Элтузарга юборилаётган айрим маълумотларни «бўҳтон» деб баҳолаб, таҳририят аввалги материалларда нотўғри маълумотларга таянган бўлиши мумкинлигини айтган.

«Сизга кимдир бўҳтонларни юбормоқда, сиз асоссиз пост чиқаряпсиз. Ишонинг менга, кўп гапларингиз ёлғон ва бўҳтон, сизни алдашяпти», – деб ёзади марказ ходими.

Шу билан бирга, Хушнамо Бурхонхўжаева таҳририят вакилини марказга таклиф қилиб, вазиятни бевосита кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

«Агар йўқ демасангиз, бирор вакилингизни юборсангиз, барча вазиятни борича кўрсатсам мен», – дейилади мурожаатда.

Элтузар Хушнамо Бурхонхўжаеванинг ушбу позициясини аввал эълон қилинган танқидий материалларга жавоб ва баланс сифатида ёритмоқда.

Айни пайтда унинг аввалги материаллардаги маълумотларни «ёлғон» ва «бўҳтон» деб аташи – мурожаат муаллифининг позицияси. Таҳририят бу баҳони мустақил равишда тасдиқланган факт сифатида тақдим этмайди.

Агар марказ раҳбарияти ёки ходимларида аввалги материалларда кўтарилган мажбурий меҳнат, пул йиғиш, устамалар тақсимоти, иш ҳақи ва ходимларга муносабат билан боғлиқ конкрет даъволарни рад этувчи ҳужжатлар, буйруқлар, ҳисоб-китоблар ёки бошқа далиллар мавжуд бўлса, Элтузар уларни ҳам ўрганиш ва марказ позициясини эълон қилишга тайёр.