Билимсизлик, физика, кимё ва техника хавфсизлигидан бехабарлик — Ўзбекистоннинг бошига ёғилган битта бало бўлса, одамларни фалокатдан қутқариш тизими ва самараси йўқлиги — яна битта бало. Миллиардлар сарфлаб совет аскарига ҳайкал қўйгунча ёки умуман кераксиз миноралар қургунча, канализация, оқава сувлар учун дренаж ва умуман инфратузилма учун нима зарур бўлса, шуни энг аввало қуриш керак. Ўтмишда қашшоқ ва уйида уни йўқ одамлар мақтанчоқлик учун том бошида қўш тандир қуриб қўйишар экан.

10 июн куни Андижон вилояти Марҳамат касалхонаси канализацияси ичида тўрт ватандош, тўртта оила бошлиғи, тўртта эркак ўлди. Kun.uz журналистлари суриштирувига кўра, ФВВ қутқарувчилари келганда ҳали икки киши тирик бўлган. Аммо қутқарувчиларда жиҳоз, ўқув ва малака бўлмагани учун улар тўйга келган нўғойдай тураверишган, икки қўлини киссасига тиқиб.

Канализация ичида сантехник Икром Нишонов тушиб заҳарланганини билиб, ёрдам чақирган. Касалхона боғбони Лочин Қосимов, канализация тозаловчи машина ҳайдовчиси Қобилжон Мамажонов ва электрик Бобур Матхолиқов ёрдам бераман деб, ўзлари ҳам ўлиб кетди.

Бундай ҳолатда тиббиёт бирлашмаси раҳбари ишдан олиниши ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири дарров истеъфо бериши керак. Журналистларга изоҳ бермаслик учун энасини иштонига яширинган андижонлик мулозимларни шу канализацияда чўктириб юборилса, айни муддао бўларди.

Энди Америкада права олиб мошин минганлар билади (билса керак), ҳар қандай бахтсиз ҳодисани кўрган шофёр бу ҳодиса ҳақида полицияга хабар бериши керак ва ҳеч қандай ҳолатда ўзи аварияга учраганларни қутқаришга уринмаслиги керак.

Права имтиҳонидаги саволга жавоб: «Авария бўлган жойга яқинлашмаслик, ёрдам беришга уринмаслик ва полицияга хабар бериш», деб ёзилган. Мен бу ҳолатни нотўғри деб ўйлаб, полиция офицеридан изоҳ сўрадим. АҚШ полиция зобити менга вақт ажратиб, эринмай ярим соат тушунтирди. Унинг айтишича, «Қутқариш — бу билим, малака, ўқув ва махсус жиҳоз ҳамда ускуналар мавжудлигидир. Билими ва ўқуви йўқ одам қош қўяман деб, кўз чиқариши мумкин».