МАНСАБДОР ХАТО ҚИЛСА, ЭНДИ ДАВЛАТ ТЎЛАЙДИ, КЕЙИН АЙБДОРДАН УНДИРАДИ
Янги қонунга кўра, мансабдорнинг ноқонуний қарори ёки ҳаракати сабаб етказилган зарар аввало Ҳудудий компенсация жамғармасидан қопланади, кейинчалик эса айбдор мансабдордан регресс тартибида ундирилади.
Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори, ҳаракати ёки ҳаракацизлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорларга етказилган зарар қандай қопланиши масаласи кўп йиллардан буён баҳсли мавзулардан бири эди. Эндиликда бу борадаги ҳуқуқий бўшлиқ бартараф этилди.
2026-йил 27-июл куни қабул қилинган “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракацизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги Қонун айнан шу масалани тартибга солади.
Янги тартибга кўра, агар давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли фуқаро ёки тадбиркорга моддий ёки маънавий зарар етган бўлса, аввало суд ушбу зарарнинг миқдорини аниқлайди.
Суд қарори қонуний кучга киргач, зарар жабрланувчига Ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади. Яъни, фуқаро ўз ҳақини узоқ вақт кутиб юрмайди ёки айбдор мансабдорнинг маблағ топишини кутишга мажбур бўлмайди.
Бу ерда энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, давлат товонни тўлаб бергани билан масала тугамайди.
Агар суд айнан қайси мансабдор шахс айбдор эканини аниқлаган бўлса, давлат кейинчалик регресс тартибида ўша шахсдан тўланган маблағни ундиради. Бошқача айтганда, давлат аввал фуқарони ҳимоя қилади, сўнг зарар учун масъул бўлган мансабдордан ҳисоб-китоб қилади.
Қонунга кўра, айбдор деб топилган шахс зарарни ихтиёрий равишда ҳам қоплаш ҳуқуқига эга. Агар бу амалга оширилмаса, қонунда белгиланган тартибда ундириш чоралари қўлланилади.
Амалиётда ноқонуний қарорлар сабаб тадбиркорларнинг ерлари тортиб олиниши, қурилишлар тўхтатилиши, мулкига зарар етиши ёки фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраб туради. Бундай вазиятларда жабрланувчи судда ғолиб чиқса ҳам, зарарни амалда ундириш узоқ давом этиши мумкин эди.
Янги қонун эса фуқаролар манфаатини биринчи ўринга қўяди. Компенсация жамғармаси орқали зарар тезроқ қопланиши одамларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, мансабдор шахслар учун ҳам жавобгарлик кучаяди. Чунки ноқонуний қарор оқибатида тўланган маблағ кейинчалик уларнинг ўзидан ундирилиши мумкин. Бу эса ҳар бир қарорни қонун доирасида ва масъулият билан қабул қилишга ундайди.
Янги қонун “мансабдор хато қилса, фуқаро зарар кўрмаслиги керак” деган тамойилни амалиётга жорий этмоқда. Энди давлат жабрланувчининг зарарини қоплайди, бироқ айбдор мансабдор жавобгарликдан четда қолмайди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат бошқарувида масъулиятни ошириш ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг