МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАРКАЗИ ХОДИМЛАРИ ВАЪДАЛАРГА ИШОНМАЙ ҚЎЙДИ
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари ойликларнинг йиллар давомида оширилмагани, топшириқлар эса ортиб боргани, қўшимча меҳнат ва хизмат ҳаражатлари эса рағбатлантирилмаётганидан норози.
Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимида туман ва шаҳар бўлинмалари ходимларининг ойлик маошлари бир неча йилдан буён амалда оширилмаяпти.
Шу вақт ичида топшириқлар сони кўпайди. Ходимлар доимий “югур-югур”да – тадбир, ҳисобот, йиғилиш, доимий назорат. Лекин қўшимча ишлар учун рағбат ёки компенсация йўқ. Маълумотларга кўра, хизмат вазифаси билан боғлиқ харажатлар ҳам ходимнинг ўз чўнтагидан қопланяпти.
Расмий йиғилишларда ва юқори даражадаги чиқишларда “ойликлар оширилади” деган ваъдалар бир неча бор янгради. Аммо бу ваъдалар ҳозиргача амалга ошгани йўқ.
Ҳозирга келиб кўплаб тажрибали кадрлар тизимни тарк этган. Қолган ходимлар эса кредит ва қарзлар босими остида ишлашда давом этяпти. Ойлик кундалик эҳтиёжларни ҳам тўлиқ қопламайдиган даражада. Соҳани яхши тушунмайдиган шахслар раҳбарликка келгани ҳақида ходимлар орасида норозилик кучли.
Шикоятлар наф бермайди. Қаерга мурожаат қилинмасин, масала яна ўша тизим ичида қолиб кетади, дейди ходимлар. Улар ҳозир очиқ гапиришга қўрқиб қолишган. Маънавият ва маърифат маркази бизга керакми ўзи? Ёки бу тизим ҳам коррупция манбасими? Агар ташкилот дарҳақиқат керак бўлса, нега маошлар сариқ чақа?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг