Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов яна қачонгача тизимни қуруқ топшириқлар ва чек-чегарасиз йиғилишлар билан бошқаради? – тизим ходимлари Элтузарга шу савол билан мурожаат қилишди.

Марказ тизимидаги ходимлар учун иш вақти деган тушунча деярли қолмаган. Маоши энг паст давлат ташкилотларидан бири бўлган тизим жамоадан доимий равишда «24/7 режимда ишлашни талаб қилади.

Ойлиги маҳалла ёшлар етакчисидан ҳам кам бўлган мутахассис қандай қилиб шундай юкламани кўтариши керак? Туман бўлимлари ходимлари ўз вазифасига қўшиб бошқа ташкилотларга тегишли ишларни ҳам бажаришга мажбур бўляпти. Ёшлар сиёсатига оид вазифалар ҳам, турли акциялар ҳам, ҳисоботлар ҳам айнан улар зиммасига юкланади. Аммо натижа ва эътироф бошқа идораларга ёғдирилади.

Отабек Ҳасанов раҳбарликка келганига уч йилдан ошди. Шу вақт ичида тизим фаолиятида қандай туб янгилик қилинди? Қандай ислоҳот амалга оширилди? Қайси муаммо ҳал этилди? Бу саволларга жавоб топиш мушкул.

Аксинча, марказда соатлаб давом этадиган селектор йиғилишлари одатий ҳолга айланган. Ҳудудлардаги ходимлар реал иш ўрнига навбатдаги йиғилишга тайёргарлик кўриш билан овора. Айримлар ҳатто раҳбарнинг ўзини мамлакатнинг энг юқори мансабдор шахси каби тутиши, ҳар бир масала бўйича кўрсатма бериши ва бошқа идоралар ишларига ҳам аралашишини таъкидламоқда.

Ҳар сафар иш ҳақини ошириш ҳақида ваъдалар берилади. Аммо йиллар ўтиб ҳам натижа кўринмади.

«Топиш-тутиши яхшидан аъло бўлган марказ аппарати ва айрим бўғинлардаги мансабдорларнинг қуйи поғона билан нима иши бор?! Туман бўлими мутахассиси эса ҳамон энг паст маошли давлат хизматчилари қаторида қоляпти» – дейди ходимлар ўз мурожаатида.

Маънавият давлат сиёсати даражасидаги муҳим масала бўлса, нега унинг асосий ижрочилари камбағаллик чегарасида ишлашга мажбур?

Шу муносабат билан тизим ходимлари Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раиси ҳисобланган Президент Шавкат Мирзиёевдан соҳа фаолиятини чуқур ўрганишни, тизимни ислоҳ қилишни, ҳудудлардаги мутахассислар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш чораларини кўришни ҳамда марказ раҳбарияти фаолиятига холис баҳо беришни сўрамоқда.