МАКТАБГАЧА ВА МАКТАБ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИДА ҚАРИНДОШЛАР ИМПЕРИЯСИ
Антикоррупция агентлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида 65 та манфаатлар тўқнашуви ва эҳтимолий қариндошчилик ҳолатини аниқлади. Рўйхатда вазирлик раҳбариятига алоқадор шахслар ва ҳатто муқаддам судланган ходим ҳам қайд этилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида манфаатлар тўқнашуви ва эҳтимолий непотизм ҳолатлари юзасидан Антикоррупция агентлиги ўтказган ўрганишлар натижалари Элтузар ихтиёрига келиб тушди. Икки саҳифадан иборат рўйхатга кўра, жами 65 ҳолат таҳлил қилинган бўлиб, уларнинг барчасида қонунбузилиш аломатлари аниқланган.
Ушбу рўйхат тизимдаги оғриқли саволни яна кун тартибига чиқарди: бу даргоҳ давлат идорасими ёки қариндош-уруғ ва таниш-билишлар учун ёпиқ клубми?
Демак, икки саҳифалик рўйхатда жами 65 та ҳолат келтирилган. Уларнинг барчаси бўйича статус “Аниқланди” деб кўрсатилган. Ҳолатларнинг 9 таси, яъни 13,8 фоизи яқин қариндошлик билан боғлиқ. Рўйхатда Абдумаликов Шоҳрух Қаҳрамон ўғли, Реймов Бекбай Сапараевич, Ёқубов Умид Эркинович, Тўйчиев Донёрбек Алишер ўғли, Каримов Шерзод Абдурасулович, Парпиева Гулбаҳор Мирзаражабовна, Каримов Бекзод Абдурасул ўғли, Жамуротова Феруза Тўрееваевна ва Собирова Дилфуза Азимжоновна “яқин қариндошлар” тоифасида қайд этилган.
Бундан ташқари, рўйхатда 25 та ҳолат, яъни 38,5 фоиз “хусусий сектор” билан боғлиқ деб кўрсатилган. Улар орасида Абдуллаев Нодирбек Махамаджонович, Собиржонов Акбар Обиджон ўғли, Азимова Наргиза Рашидовна, Сафаров Элбек Ҳамидович, Талипова Феруза Тахировна, Низометов Аҳмед Шарифович, Мамажонов Машрабхон Нематович, Мадаминова Умида Арислановна, Атабоев Зафаржон Раҳматуллаевич, Ғофурова Азиза Мухитжановна ва бошқалар бор.
Яна 31 та ҳолат, яъни 47,7 фоиз “ўриндош ёки шартномадагилар” сифатида қайд этилган. Бу тоифада Махмудов Камолиддин Мустафо ўғли, Абдуқулова Дилноза Абдуқадировна, Тўраев Рузибек Очилович, Расулов Сардорбек Алишер ўғли, Турғунов Қаҳрамон Махаммаджонович, Муродов Эркин Эргашевич, Каримбердиев Қодир Комилович, Саидумаров Шоҳрух Саидазиз ўғли ва бошқалар кўрсатилган.
Алоҳида эътиборли жиҳат: рўйхатнинг охирида Ходжиев Фируз Рафикович бўйича “судланганлик ҳолати” қайд этилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми кўрсатилган. Яъни муқаддам Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланган шахс вазирликда ишламоқда.
Бу рўйхат фонида ижтимоий тармоқларда “вазир яқинларини ишга олган, яқинлари эса ўз қариндошларини тизимга олиб кирган” деган даъволар тарқалмоқда.
Элтузар 25 апрель куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кадрлар бошқармасида етакчи мутахассис бўлиб ишлайдиган 2006 йилда туғилган Масуджонова Моҳина Эркин қизи вазир Эъзозхон Каримованинг жияни эканлиги ҳақида хабар берганди.
Бундан ташқари, вазирнинг биринчи ўринбосари Каримов Шерзоднинг укаси ҳам вазирлик тизимида ишлаши айтилаётгани жамоатчиликда жиддий саволлар уйғотмоқда.
Эндиликда савол битта: вазирлик бу рўйхатга жим қараб тураверадими ёки ҳар бир фамилия бўйича очиқ изоҳ берадими?
Чунки 65 та “аниқланган” ҳолат оддий техник хатолик эмас. Бу тизим ичида манфаатлар тўқнашуви, қариндошчилик ва кадрлар сиёсатидаги ёпиқлик жиддий даражага чиққанини кўрсатадиган сигнал. Жамоатчилик эса энди умумий гапларни эмас, аниқ жавобларни кутмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг