Андижонлик ота-оналар мактаблардаги ноқонуний йиғимлар борасида Элтузарга шикоят йўллашди. Мурожаатларга кўра, Андижондаги 3, 4, 18-мактаблар ва яна бир қатор таълим муассасаларида ремонт учун мактабга ёрдам дея ўқувчилардан пул йиғилмоқда.

Биламиз, йиғимлар одатдагидек “ихтиёрий” деб аталади, ремонт учун давлат бюджети қанча пул ажратиши номаълум. Ажратилган пуллар мактабга етиб келмаслиги тайин. Шундай экан, иложсиз қолган жамоа синфхоналарни янги ўқув йилига тайёрлаш учун пул йиғишга мажбур бўлади. Ҳолатни тушунамиз.

Аммо айрим синфларда ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар, жумладан тилло буюмлар бериляпти, ёки шунга тенг пул йиғиб топширилмоқда. Фарзандлари 4, 9 ва 11 синфларда ўқийдиган ота-оналарнинг айтишича, бундай талаблар уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар қўйилмоқда. Бир оилада бир неча нафар фарзанд мактабда ўқиётган бўлса, бу “ихтиёрий” йиғимлар жуда жиддий юкка айланади. Бу ҳолатни эса оқлай олмаймиз.

Аслида мактаб – давлат таълим муассасаси. Унинг таъмири, жиҳозланиши ёки бошқа асосий эҳтиёжлари давлат бюджетидан қопланиши керак. Лекин охирги 20-30 йиллардан бери таъмир учун ўқувчилардан пул йиғилади.

Ўқитувчига совға ҳажми ш қаердан бошланиб, қаерда тугаши керак? Ўқитувчига тилло буюмлар, Умра йўлланмалари совға қилиш урф бўлиб қолди. Мактабгача ва мактаб таълими масъуллари вазиятга аралашишни, мактабларда мажбурий пул йиғимларига чек қўйишни жиддий ўйламаяпти. Хўш, сабаби не? Тизимни тўлақонли назоратга олиш имконсизми ёки баҳшиш (суюнчи совға) мажбурий миллий қадриятимизми?