ЯНГИ ТАЙИНЛАНАЖАК ТАЪЛИМ ВА ИЛМ-ФАН ВАЗИРИГА ТАЛАБ: МАКТАБ ВА БОҒЧАЛАРДАГИ «СТАВКА САВДОСИ»НИ ТУГАТИНГ
Мактаб ва боғчаларда ишга киришда ҳанузча пора талаб қилиниши, «ставка савдоси» давом этаётгани айтилмоқда. Муаллиф янги таълим ва илмий вазиридан ишга қабул қилиш тизимини тўлиқ шаффоф қилишни талаб қилади.
Мактаб ва боғчаларга ишга киришда пора талаб қилиниши ҳақидаги ҳолатлар ҳануз учраб турибди. Суд материалларида мактаб директори ярим ставка фаррошлик ўрни учун 1500 доллар сўрагани, бошқа ҳолатда эса боғча мудираси тарбиячи лавозимига ишга қабул қилиш эвазига 500 доллар пора олгани ҳақида хабарлар қулоққа чалинади.
Ҳозир энг биринчи ва асосий муаммо — давлат мактаби ёки боғчасига оддий, ҳалол ва очиқ тартибда ишга кириш имкониятини таъминлашдир.
Янги вазирлик раҳбариятидан, аввало, ишга қабул қилиш тизимини тўлиқ шаффофлаштириш кутилмоқда. Педагогдан тортиб техник ходимгача бўлган барча бўш иш ўринлари ягона электрон платформада эълон қилиниши, номзодларни танлаш аниқ мезонлар асосида амалга оширилиши зарур.
Шунингдек, мактаб ва боғчалардаги ҳар бир бўш ставка очиқ базада кўриниб туриши керак. Бу яширилган штатлар, «ўлик жонлар» ва иш ўринларини норасмий равишда «сотиш» каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Пора билан қўлга тушган таълим муассасаси раҳбарларининг кейинчалик яна шу тизимга қайтишига йўл қўймаслик масаласи ҳам қатъий белгилансин.
Мактабга пора бериб ишга кирган ўқитувчидан сифатли таълимни, оддий иш ўрни учун пул тўлашга мажбур бўлган фуқародан эса тизимга ишончни кутиш қийин. Таълимдаги ислоҳотлар энг аввало кадрлар ишга кириш учун пора беришга мажбур бўлмайдиган тизимни яратишдан бошланиши керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг