МАКРОН ЛУКАШЕНКОДАН УРУШГА АРАЛАШМАСЛИКНИ СЎРАДИ
Франция президенти Эммануэл Макрон Беларус раҳбари Александр Лукашенкога қўнғироқ қилиб, Беларусни Москванинг Украинага қарши урушига аралашмасликка чақиргани хабар қилинмоқда. Париж Минск учун эҳтимолий жиддий хавфлар ҳақида огоҳлантирди.
Беларус етакчиси Александр Лукашенко матбуот хизмати хабар қилишича, якшанба куни унга Франция президенти Эммануэл Макрон қўнғироқ қилган. Париж ҳозирча бундай суҳбат бўлганини расман тасдиқламаган бўлса-да, AFP агентлиги манбалари Макрон ҳақиқатан ҳам Лукашенкога қўнғироқ қилганини билдирмоқда.
Лукашенко сайтидаги қисқа расмий хабарда айтилишича, суҳбат «Франция ташаббуси билан» бўлиб ўтган. Унда етакчилар «минтақавий муаммолар ҳамда Беларуснинг Европа Иттифоқи ва хусусан Франция билан муносабатларини» муҳокама қилишди.
Бироқ AFP агентлиги «Макронга яқин манба»га таяниб, Франция президенти Лукашенкодан «Москванинг Украинага қарши урушига аралашмаслик»ни талаб қилганини билдирмоқда.
Манбага кўра, Макрон «Беларус Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига кириб келса, мамлакат учун жиддий хавфлар юзага келиши»ни таъкидлаган. Шунингдек, у Александр Лукашенкони «Беларусь ва Европа ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун зарур қадамларни ташлаш»га ундади.
Бу Макроннинг 2022 йил февралидан бери Лукашенко билан биринчи суҳбати бўлди. Ўшанда Франция етакчиси Россиянинг Украинага тўлиқ кўламли босқини бошланишидан олдин ва ундан кўп ўтмай Лукашенкога икки марта қўнғироқ қилган эди.
Сўнгги ҳафталарда Киев Россия Украина ҳудудига Беларус томонидан янги ҳужумлар тайёрлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Яқинда Москва ва Минск ядровий қуролни жанговар қўллаш бўйича қўшма машғулотлар ҳам ўтказди.
2023 йилдан бери Россия Беларусда тактик ядровий қурол жойлаштирган. Айрим баҳоларга кўра, мамлакатда ўнлаб ядровий каллаклар мавжуд. Бундан ташқари, Беларусда ядровий заряд ташишга қодир Россиянинг ўрта масофали “Орешник” ракета мажмуалари ҳам жойлашган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг