“МАҲАЛЛА” ТЕЛЕКАНАЛИДА КИМЛАР ҲУКМРОН
“Маҳалла” телеканалининг номаълум ходими МТРК тизимидаги кланчилик, маҳаллийчилик ва гонорарлар адолатсиз тақсимланаётгани ҳақида ёзиб, раҳбарият устидан назорат ўрнатиш ҳамда эски директорлар командасини янгилашни сўрайди.
Ассалому алайкум, ҳурматли Элтузар. Сизнинг постларингиз бугун ҳануз журналистика ўлмаганига ишора бўлиб бизга куч беради. Ўша сизнинг таърифингиздаги чириган қайиқ МТРКдан ёзишга мажбур бўлмоқдамиз.
“Маҳалла” телеканалида фаолият юритаман. Сўнгги ойларда адолатсизлик бизнинг телеканалда урчиди.
Тўғриси чарчадик. Бир одам неча йил бир телеканалга раҳбар бўлиш мумкин ? Ўз вақтида МТРКнинг чириб кетган эскилик сарқити клан бошқарувининг бугунги амалдаги ифодаси “Маҳалла” телеканали саналади.
Биз жонкуйдириб ишлаймиз лекин тушган гонорарлар фақатгина раҳбариятга яқин кадрларнигина хурсанд қилгани аниқ.
Ташаббус кўрсатсангиз раҳбар клан қарамовидаги бош муҳаррирларга, бўлим бошлиқларига ташлайди. Улар эса раҳбар манфаати учун ташаббус кўрсатган ходимни қоралаб беришади. Натижада коллегтив лозим топмади деган мафия жавобини эшитасиз.
Телеканалимизда 1та асосий гуруҳ бор. Бу Сурхондарё ва Қашқадарёликлар. Булар директор Икром Чориев ва Раис ўринбосари Мадамин Сафаровнинг қарамоғидаги одамлар. Уларга доим гонорарлар яхши тушади. Бизнинг пулимиз эса қирқилади… Техник ходимларда ҳам шундай. Бошқарув клани билан яқин оператор ва монтажчиларга яхши тўланади. Қолганлар “ойликдан-ойликкача” ойбай ишлаш тизимида.
Ўзлари ташаббус кўрсатган нарсани кўрсангиз эса кўнглингиз айнийди. Оддий мисол телеканалда китоб кўтарган одам деган подкаст бор. Шу кўрсатувнинг ҳар икки бошловчиси ҳам Қашқадарёлик… негадир уларни ташаббуси шариатга тўғри келаверади. Кўрсатув шунақа савиясизки… Оддий мисол сўнгги кўрсатувда Ўткам Мирзаёр билан кечган суҳбатда Ўктам Мирзаёр газеталарни Нодавлат нотижорат ташкилот деса қўшилишиб ўтирибди. Ваҳоланки бугун ҳар қандай ОАВ рекламадан даромад олиши мумкинлигини улар ҳуқуқий жиҳатдан ННТ эмаслгини билишга бу икки журналист (агар шундай дейиш тўғри бўлса) нинг саводи етмади.
Икром Чориев доим Сафаровга яқинлигини, садоқатли эканини тиқиштириб кун кўради. Йиғилишларда айнан ўша гуруҳ аъзоси бўлмаган ходимлар нишон остида. Гонорарларни пасайтиришда ҳам айнан бизнинг пулимиз диққат марказида. Қачонгача бу давом этади ?
Маҳаллийчилик ва гуруҳбозликка йўл қўяётган раҳбарият устидан кимдир назорат қиладими ? Ёки Мадамин Сафаровга яқин бўлиш қонунлардан устунлик ёки имтиёз берадими ? Аҳир МТРК дегани бу МАДАМИН ТРК дегани эмаску… Ёки Ҳукуматимиз шундай ўйлайдими ?
МТРКдаги эски директорларни командасини қуритадиган, янги тизим жорий қиладиган кимдир борми ?
Биз Ўзбекистондаги соҳага таъсир ўтказа оладиган раҳбарларидан телеканалимиздаги гонорарлар тақсимотини текширишни, эски директорларни лавозимидан кетказишини сўраймиз…
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг