ЛОЛА КАРИМОВАНИНГ СИРЛИ ИМПЕРИЯСИ
Нодира Ҳидоятова Лола Каримова-Тиллаеванинг сиёсий илдизлари, “Абу Саҳий” орқали орттирилган бойлик манбалари ва Ғарбда яратилган меценат-дипломат қиёфасини таҳлил қилади, оила ичидаги можаролар ва уларнинг оқибатларини ёритади.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов оиласи узоқ йиллар давомида жамоатчилик учун деярли ёпиқ ҳудуд бўлиб келди. Президент қизларининг ҳаёти, уларга тегишли бизнеслар, оила ичидаги муносабатлар ва бойлик манбалари ҳақидаги саволларга расмий жавоб берилмас, танқидий мақолалар эса кўпинча босим ёки суд даъволари билан қарши олинарди.
Фаол Нодира Ҳидоятова ўзининг янги битиклар туркумини айнан матбуотдаги мақолалар сабаб журналистлар билан судлашган, аммо даъволарини исботлай олмаган нуфузли шахсларга бағишламоқчи эканини билдирди. Унинг биринчи қаҳрамони – Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева.
Ҳидоятова тасвирлаган манзарада Лола Каримова бир вақтнинг ўзида уч хил қиёфада намоён бўлади: президент оиласининг аъзоси, йирик бойлик эгаси ва Ғарбда ўзини дипломат, меценат ҳамда маданият ҳомийси сифатида кўрсатишга уринган шахс.
Опа-сингил ўртасидаги узилиш қандай ошкор бўлди?
Каримовлар оиласи ичидаги зиддиятлар 2013 йилга келиб биринчи марта очиқ майдонга чиқди.
Ўша йили Лола Каримова-Тиллаева Би-би-си ўзбек хизматига берган интервьюсида опаси Гулнора Каримова билан 12 йилдан бери гаплашмаслигини айтди. У Гулноранинг президентликка даъвогар бўлиши ҳақидаги тахминларни жиддий қабул қилмаслигини билдириб, икки оила ҳатто умумий маросимларда ҳам учрашмаслигини таъкидлади.
Бу баёнот оддий оилавий келишмовчилик ҳақидаги иқрор эмасди. У биринчи президент оиласи ичида чуқур бўлиниш мавжудлигини расман тасдиқлаган эди.
Гулнора Каримованинг жавоби эса ижтимоий тармоқлардаги кескин ахборот ҳужуми кўринишида бўлди. У синглисини хайрия лойиҳаларини ўзлаштириш, бошқа одамлар маблағи эвазига обрў орттириш ва ҳашаматли ҳаёт кечиришда айблади.
Хусусан, Гулнора Каримова “Сен ёлғиз эмассан” жамғармасига нисбат берилган айрим хайрия ишлари аслида уларнинг қариндоши Акбарали Абдуллаев томонидан молиялаштирилганини иддао қилган. Унинг даъвосига кўра, болалар муассасалари таъмирланган ва жиҳозланган, аммо очилиш маросимларида асосий хизмат Лола Каримованинг фондига тегишли қилиб кўрсатилган.
Бу айбловлар мустақил суд ёки очиқ тергов хулосалари билан тасдиқлангани ҳақида Ҳидоятова битикларида маълумот келтирилмайди. Бироқ улар ўша пайтда президент оиласи ичидаги кураш қанчалик кескинлашганини кўрсатган эди.
“Абу Саҳий” бойликнинг асосий манбаими?
Нодира Ҳидоятова оилавий можаролардан кўра муҳимроқ масалага – Лола Каримова-Тиллaева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллaев бойлигининг эҳтимолий иқтисодий манбаларига эътибор қаратади.
Унинг ёзишича, оиланинг молиявий қудрати Тошкентдаги “Абу Саҳий” улгуржи бозори ва унга боғланган халқаро логистика тармоғи билан чамбарчас боғлиқ бўлган.
2000-йилларнинг ўрталарида ташкил этилган бу мажмуа мамлакатга Хитой, Туркия ва бошқа давлатлардан олиб кириладиган истеъмол товарларининг энг йирик тақсимлаш нуқтасига айланган эди.
Танқидчилар “Абу Саҳий” тизими оддий бозор эмас, балки имтиёзли божхона ва транспорт имкониятларига эга квазимонопол тузилма бўлганини таъкидлаб келган. Уларнинг даъволарига кўра, мустақил тадбиркорлар худди шу шартларда товар олиб кириш имкониятига эга бўлмаган.
Гулнора Каримова ҳам ўз вақтида ушбу бозордан Тиллаевлар оиласи ойига 25 миллион долларгача даромад олганини иддао қилган. Бу рақамнинг қандай ҳисоблангани ва мустақил аудит билан тасдиқлангани маълум эмас. Шунга қарамай, “Абу Саҳий”нинг мамлакат импорт бозоридаги улкан ўрни оиланинг бойлиги ҳақидаги саволларни кучайтирган.
2016 йилда Ислом Каримов вафот этгач, бозорнинг мақоми ўзгара бошлади. 2017 йилда у қайта ташкил қилиниб, “Тошкент ипак йўли”номи билан атала бошланди. Лола Каримова-Тиллаева ва Тимур Тиллаев эса бозор ҳамда унга алоқадор бизнеслардаги ҳуқуқларини сотгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кейинчалик янгиланган бозор 15 кун ичида давлат бюджетига 35 миллиард сўм тўлаганини, аввал эса бозордан бир ойда бор-йўғи 5 миллиард сўм солиқ тушганини айтган эди. Бу рақамлар аввалги тизимда катта миқдордаги маблағлар давлат бюджетидан четда қолган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги шубҳаларни янада кучайтирди.
Парижда яратилган янги қиёфа
Катта бойликка эга бўлишнинг ўзи Ғарбда обрў қозониш учун етарли эмас. Бойликнинг келиб чиқиши, инсон ҳуқуқлари ва ҳокимият билан алоқалар ҳақидаги саволлар ҳамиша унинг ортидан эргашади.
Лола Каримова-Тиллаева Ғарбда ўзини сиёсий элита вакилидан кўра дипломат, хайриячи ва маданият ҳомийси сифатида танитишга ҳаракат қилди.
У 2008-2018 йилларда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили бўлиб ишлади. Парижда хайрия кечалари ўтказди, машҳур санъаткорлар ва жамоат арбобларини тадбирларга жалб қилди. “The Harmonist” парфюмерия брендини яратди, Мирзо Улуғбек ҳақидаги ҳужжатли фильмга продюсерлик қилди.
Бу лойиҳалар Лола Каримовани мустақил маданий арбоб сифатида кўрсатишга хизмат қилди. Бироқ унинг Ислом Каримов оиласига мансублиги ва оила бойлигининг манбалари ҳақидаги саволлар йўқолмади.
Бир ибора сабаб бошланган ва катта можарога айланган суд
2011 йилда Франциянинг Rue89 интернет нашри Лола Каримова ҳақидаги мақолада уни “диктаторнинг қизи” деб атади.
Каримова нашрни судга бериб, бу таъриф унинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказганини айтди ҳамда 30 минг евро товон талаб қилди.
Бироқ журналистлар ҳимояси суд жараёнини шахсий обрў масаласидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва Ислом Каримов ҳокимиятининг табиати ҳақидаги очиқ муҳокамага айлантирди. Судга Марказий Осиё бўйича экспертлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таклиф қилинди.
Франция суди Каримованинг талабини қаноатлантирмади. Суд журналистларнинг жамоатчилик аҳамиятига эга мавзуда баҳоловчи ибора ишлатиш ҳуқуқини тан олди.
Натижада бир мақолани ўчириш ёки нашрни жазолашга қаратилган даъво акс таъсир кўрсатди. Суд жараёни Лола Каримова, унинг оиласи, бойлиги ва Ўзбекистондаги сиёсий тизим ҳақидаги муҳокамаларни халқаро матбуотнинг биринчи саҳифаларига олиб чиқди.
Бу ахборот майдонида “Стрейзанд эффекти” деб аталади: бирор маълумотни яшириш ёки бостиришга уриниш унга янада кўпроқ эътибор жалб қилади.
Ялтироқ фасад ортидаги қўрқув
Нодира Ҳидоятова ўз битикларида шахсий таниши билан боғлиқ бир воқеани ҳам келтиради.
Унинг айтишича, аввал унинг котибаси бўлиб ишлаган аёл кейинчалик Лола Каримованинг “Сен ёлғиз эмассан” жамғармасига ишга кирган ва хорижий сафарларда унга ҳамроҳлик қилган.
Ҳидоятованинг даъвосига кўра, Дубайдан қайтганидан кейин бу ходима уч кун давомида норасмий равишда ушлаб турилган. Ундан сафар вақтида қаерларга боргани, кимлар билан учрашгани ва нималар билан шуғулланганини ёзма равишда баён қилиш талаб қилинган. Кейин ундан маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олиниб, қўйиб юборилган.
Бу воқеа президент оиласи атрофидаги муҳит қанчалик қаттиқ назорат ва қўрқувга асосланганини кўрсатади.
Отасидан узоқлашган қиз нега уни ҳимоя қилишда давом этмоқда?
Лола Каримова Ўзбекистондан ташқарида мустақил ва осойишта ҳаёт қуришга эришгандек кўринади. Аммо у отасининг сиёсий меросидан тўлиқ узилмаган.
Ҳидоятованинг ёзишича, 2025 йил сентябрида Лола Каримова отасининг вафоти йиллиги муносабати билан эълон қилган мурожаатида Ислом Каримовни давлатни фуқаролар уруши ва беқарорликдан сақлаб қолган раҳбар сифатида таърифлаган.
Мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу фикрларга қарши чиққач, Лола Каримова танқидчиларга кескин жавоб қайтарган. У отасини ҳурмат қилмайдиган одамлар билан яқинликни рад этган ва мухолифларига нисбатан таҳдид оҳангидаги халқ мақолини ишлатган.
Шу тариқа Ғарбда маданият, маърифат ва хайрия тимсоли бўлишга интилган Лола Каримова сиёсий баҳс бошланиши билан яна отасининг меросини ҳимоя қилувчи президент қизига айланди.
Оилавий тарихнинг такрорланиши
Бу воқеалардаги энг катта киноя Лола Каримованинг қизи Марьям Тиллаева билан муносабатларида намоён бўлди.
2013 йилда Лола Каримова Би-би-си орқали опаси Гулнора билан йиллардан бери гаплашмаслигини бутун дунёга айтган эди. Орадан йиллар ўтиб, унинг қизи Марьям ҳам онаси билан муносабатлари узилганини жамоатчиликка очиқ айта бошлади.
Марьям Тиллаева онаси у билан узоқ вақтдан бери гаплашмаслиги ва уни Ўзбекистондаги айрим оилавий муассасаларга киритмаслик ҳақида кўрсатма берилганини даъво қилди.
Бир авлод аввал Лола опасидан оммавий равишда масофа олган бўлса, кейинги авлодда унинг қизи худди шу ишни онасига нисбатан қилди. Каримовлар оиласи жамоатчиликдан яширишга уринган зиддиятлар авлоддан авлодга ўтиб, яна очиқ майдонга чиқди.
Элтузар изоҳи: мақоладаги бир қатор воқеалар Нодира Ҳидоятованинг ёзганлари ҳамда Гулнора Каримова ва бошқа шахсларнинг баёнотларига асосланган. Улар мустақил суд қарорлари ёки очиқ расмий ҳужжатлар билан тасдиқланмаган жойларда даъво сифатида келтирилди. Лола Каримова-Тиллаева ва мақолада номи тилга олинган бошқа шахслар ушбу иддаоларга муносабат билдириш ҳуқуқига эга.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг