ФЕРМЕРНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАН ҲОКИМГА ЯНА “ХИЗМАТ ТЕКШИРУВИ”МИ?
Қува тумани ҳокими фермерни ҳақорат қилаётган аудиоёзув жамоатчиликда норозилик уйғотди. «Хизмат текшируви» деган ибора амалда жавобгарликдан қочиш воситасига айланмаяптми, деган саволлар кучаймоқда.
Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров аудиоёзуви жамоатчиликни яна бир бор ўйлантириб қўйди. Ёзувда ҳокимбува фермерни қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилаётгани, ерни мажбуран топшириш ҳақида кўрсатма бераётгани эшитилади.
Энг қизиғи, бундай ҳолатларда амалдорлар томонидан деярли бир хил сценарий такрорланади. Аввалига аудио ёки видео тарқалади, кейин эса “хизмат текшируви тайинланди” деган расмий баёнот пайдо бўлади. Аммо жамоатчиликни қизиқтираётган асосий савол бошқа: ҳокимга фермерни ҳақорат қилиш ва уни еридан воз кечишга мажбурлаш нормал ҳолатми?
Конституцияда мулк дахлсизлиги кафолатланган, фермерлар эса давлатнинг эмас, қонуннинг ҳимоясида бўлиши керак. Аммо амалда айрим раҳбарлар ўзини ҳануз колхоз раиси ёки ернинг ҳақиқий эгасидек тутаётгани ҳақидаги шикоятлар тинмаяпти.
Агар оддий фермер ёки тадбиркор ҳокимни шундай ҳақорат қилса, унга нисбатан ҳам шунчаки “хизмат текшируви” билан чекланилармиди?
Фермерлар мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаётган одамлар. Уларни таҳқирлаш, қўрқитиш ёки босим ўтказиш эмас, ҳимоя қилиш давлатнинг вазифасидир.
Биз бу гал навбатдаги расмий изоҳни эмас, ёки хўжакўрсинга танбеҳ эмас, аниқ хулоса ва амалий чораларни кутамиз.
“Хизмат текшируви” деган ибора эса кейинги йилларда кўп ҳолатларда ҳақиқатни аниқлаш воситасидан кўра, вақт ютиш ва одамлар қаҳрини сўндириш механизмига айланиб қолди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг