Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучма Полшанинг энг юқори давлат мукофоти ҳисобланган Оқ Бургут орденидан воз кечишини маълум қилди.

Кучманинг таъкидлашича, Украина ва Полша ўртасидаги дўстлик муносабатлари йиллар давомида шаклланган бўлиб, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Варшава Киевга катта ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, Кучма Полша президентининг сўнгги қарорини «дўстона бўлмаган қадам» деб баҳолаб, мазкур орденни сақлаб қолиш учун асос кўрмаётганини билдирди.

Леонид Кучма Оқ Бургут ордени билан 1997 йилда тақдирланган эди.

Бундан аввал Украина ташқи ишлар вазири, Президент офиси раҳбари ва Украинанинг Полшадаги элчиси турли польша давлат мукофотларидан воз кечишди.

Шунингдек, Украина собиқ президенти Виктор Ющенко ҳам Оқ Бургут орденидан воз кечган. Бу ҳақда унинг матбуот котиби маълум қилди.

Сўнгги кунларда Польша ва Украина ўртасида тарихий хотира, хусусан УПА фаолиятига оид баҳслар яна кучайган бўлиб, мукофотлар атрофидаги қарорлар икки давлат жамоатчилигида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.