Ойпон 18 чиққач турли онлайн маркетплейслардан қарзга, бўлиб тўлаш, кредитга шу матоҳни сотиб оляптурган серҳаваслар кўпайди. Ўзбекистонда бугун кредитсиз яшайдиган оилани топиш тобора қийинлашиб бормоқда. Кимдир уй олиш учун, кимдир машина, яна кимдир рўзғордаги кам-кўстини тўлдириш учун банкдан қарз олган. Бирининг телефони кредитда, бошқасининг музлаткичи.

Кўплар ойлик маошини олмасидан туриб, унинг қанча қисми кредит тўловига кетишини ҳисоблаб қўйган.

Хуллас, қарз олиш одамлар учун одатий ҳолга айланяпти. Илгари бировдан қарз сўрашга истиҳола қилган одам бугун телефонидаги иловага кириб, бир неча дақиқада микроқарз олиши мумкин. Пулнинг осон келиши уни қайтариш ҳам осон бўлади, дегани эмас.

Аслида, кредит ёмон нарса эмас. Унинг ёрдамида уйли бўлиш, иш бошлаш, тадбиркорликни кенгайтириш мумкин. Муаммо шундаки, кредит олаётганларнинг ҳаммаси ҳам бу пул ҳисобига даромад топмаяпти. Аксинча, айримлар қарзни кундалик тирикчиликка сарфлаяпти.

Айнан шу жиддий ўйлантирадиган масала.

Одам нима учун озиқ-овқат, кийим-кечак ёки фарзандининг харажатлари учун қарз олиши керак? Нега ишлаб топган пули рўзғорга етмай қоляпти? Нега бир кредитни ёпиш учун иккинчисини олишга мажбур бўляпти?

Бу саволларнинг жавобини фақат қарздорларнинг ўзидан излаш адолатдан эмас.

Бугун кўплаб оилаларда маош билан харажат ўртасида катта фарқ бор. Озиқ-овқат, коммунал хизматлар, транспорт, таълим ва тиббий хизматлар учун пул керак. Оилада кутилмаган харажат чиқса, захира маблағи бўлмаган одамнинг биринчи хаёлига банк келади. Банк кредит беради. Албатта, фоизи билан. Шу тариқа, одам ҳали ишлаб топмаган пулини олдиндан сарфлай бошлайди.

Банк кредит ажратишдан манфаатдор. Чунки фоиз унинг асосий даромад манбаларидан бири. Лекин қарз олувчининг ҳақиқий тўлов қобилияти, оилавий харажатлари ва бошқа молиявий мажбуриятлари қанчалик чуқур ўрганиляпти?

Айниқса, онлайн микроқарзлар масаласи жиддий эътибор талаб қилади. Телефонда бир нечта тугмани босиб қарз олиш мумкин бўлган шароитда одам ўз қарорининг оқибатини ҳар доим ҳам тўлиқ баҳолай олмайди. Рекламада ойлик тўлов кичик кўрсатилади, аммо умумий қайтариладиган сумма, фоизлар ва кечиктирилган тўлов оқибатлари ҳамма учун ҳам бирдек тушунарли эмас.

Бугун одамларни қарзга ундаётган омиллардан бири истеъмол пойгасидир. Янги телефон, қиммат машина, ҳашаматли тўй, замонавий жиҳозлар. Атрофдагилардан ортда қолмаслик истаги кўп ҳолларда бизни имкониятидан ортиқ харажат қилишга ундайди.

Кредитнинг энг оғир томони унинг оилавий муносабатларга таъсиридир. Тўлов муддати яқинлашганда пул тополмаган одамнинг асаби бузилади. Уйда жанжал кўпаяди. Эр-хотин ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Баъзан қарзни оиланинг бошқа аъзоларидан яширишга ҳаракат қилинади. Қарздорлик алалоқибат инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам таъсир қилади.

Хўш, мамлакатда кредитлаш ҳажмининг ўсиши доим ҳам аҳоли фаровонлиги ошганини англатадими?

Йўқ. Бу икки кўрсаткични бир-бирига тенглаштириб бўлмайди. Кредитлар кўпайиши иқтисодий фаоллик кучайганидан дарак бериши мумкин. Аммо аҳоли истеъмол эҳтиёжларини қарз ҳисобига қоплаётган бўлса, бу даромадлар етарли эмаслигининг ҳам белгисидир.

Шунинг учун банклар қанча кредит ажратгани билан бирга, одамлар уни нимага сарфлаётгани, қанча фоиз тўлаётгани ва ойлик даромадининг қанча қисмини қарз қайтаришга йўналтираётгани ҳам таҳлил қилиниши керак.

Муаммони кредит беришни чеклаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Одамларга молиявий хизматлар керак. Лекин улар тушунарли, шаффоф ва қарз олувчининг имкониятига мос бўлиши шарт.

Банклар мижозга кредит ажратишдан олдин унинг тўлов қобилиятини холис баҳолаши, фоиз ва қўшимча харажатларни аниқ тушунтириши зарур. Қарздорлик оғирлашган ҳолатларда эса муаммони янада чуқурлаштирмасдан ҳал қилиш механизмлари ишлаши керак.

Энг асосийси, аҳоли даромадларини ошириш, барқарор иш ўринларини кўпайтириш ва оилаларнинг кундалик харажатларини қоплаш имкониятини яхшилашга эътибор қаратиш шарт.

Одамнинг ойлиги тирикчилигига етмаса, унга кредит олиш хавфини қанча тушунтирманг, зарурат туғилганда барибир қарз излайди. Тўғри, бугун Ўзбекистонда кредит олиш имконияти кенгайди. Энди кредитсиз яшаш имконияти қанчалик кенгаяётгани ҳақида ҳам ўйлаш вақти келди.