КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРДА ҲИМОЯ ПАНЖАРАЛАРИНИ МАЖБУРИЙ ҚИЛИШ ШАРТ
Кўп қаватли уйларда дераза ва балконлардан болалар тушиб кетиши хавфи ошиб бормоқда. Муаллиф болалар хавфсизлигини фақат ота-оналарга юкламай, ҳимоя панжаралари ва махсус конструкцияларни мажбурий стандарт сифатида жорий этишни таклиф этади.
Кўп қаватли уйлар деразалари, балконлари ва очиқ майдончаларидан болаларнинг тушиб кетиши каби фожиали ҳодисалар хавфи билан бизни юзма-юз қолдиряпти. Одатда, одамлар ота-оналарни эҳтиёткор бўлишга чақириш билан чекланади. Аммо болалар хавфсизлиги фақат ота-онанинг ҳушёрлигига боғлаб қўйилиши тўғрими?
Кўп қаватли биноларда болалар тушиб кетиши мумкин бўлган дераза, балкон ва бошқа очиқ қисмларни ҳимоялаш бўйича мажбурий хавфсизлик талабларини жорий қилиш вақти келди.
Янги қурилаётган кўп қаватли уйларда болалар учун хавфсиз дераза механизмлари, етарли баландликдаги балкон тўсиқлари ва зарур жойларда махсус ҳимоя конструкцияларини лойиҳанинг ўзида назарда тутиш шарт бўлсин. Фойдаланишга топширилган биноларда ҳам хавф юқори бўлган жойларни босқичма-босқич хавфсизлаштириш механизмини ишлаб чиқиш зарур.
Бунда оддий темир панжара эмас, ёнғин ва фавқулодда вазиятларда эвакуацияга тўсқинлик қилмайдиган, техник хавфсизлик талабларига жавоб берадиган конструкциялар назарда тутилиши керак.
Боланинг бир неча сония назоратсиз қолиши фожиа билан тугамасин ахир. Замонавий шаҳар муҳити инсон хатосини ҳам ҳисобга оладиган даражада хавфсиз қурилиши лозим.
Шунинг учун кўп қаватли турар жойларда дераза ва балконлар хавфсизлигига доир ягона мажбурий стандарт ишлаб чиқилиши, қурилиш меъёрларига киритилиши ва унинг бажарилиши давлат назоратига олиниши мақсадга мувофиқ.
16 қаватли биноларда ҳам қурувчи фирма белгача панжара билан чекланяпти. Бу капиталистлар ўта зиқна бўлади, уларга одам қадри, хавфсизлиги ёт тушунча. Шундай экан талабни давлат қўйсин. Хитрй, Жанубий Корея стандартларига бир қиё боқинг, ГАСН масъуллари.
Фожиа содир бўлгандан кейин сабаб излашдан кўра, унинг олдини олган яхши эмасми?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг