Навоий вилояти Конимех туманида мактабгача таълим муассасалари учун ажратилган 3 миллиард 727 миллион сўм бюджет маблағи қалбаки ва сохталаштирилган ҳужжатлар орқали талон-торож қилингани ҳақида Ўзбекистон Президенти ва Бош прокурорга мурожаат йўлланди. Мурожаат муаллифи ушбу ҳолатлар бўйича тақдим этилган ҳужжатларга қарамай, жиноят иши қўзғатилмаганини иддао қилмоқда.

Мурожаатни Конимех тумани Иқтисодиёт ва молия бўлимида бош иқтисодчи бўлиб ишлаб келаётган Комил Нуримбетов 2026 йил 6 август куни имзолаган. Унинг ёзишича, 2025 йил апрель–май ойларида тумандаги мактабгача таълим муассасаларида озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилган бюджет маблағларининг сарфланиши ўрганилган. Текширув туман прокуратурасининг топшириғи ва Иқтисодиёт ва молия бўлими буйруғи асосида ўтказилгани қайд этилган.
Нуримбетовнинг иддаосига кўра, дастлабки ўрганишларда 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ бўйича шубҳали ҳолатлар аниқланган. Кейинчалик эса айрим таъминотчилар олдида гўё 1,2 миллиард сўм қарздорлик мавжудлиги кўрсатилиб, 2025 йил майидан сентябригача сохталаштирилган шартномалар асосида 1 миллиард 650 миллион сўм бюджет маблағи озиқ-овқат етказиб берилмаган бўлса-да, таъминотчилар ҳисоб рақамларига ўтказилгани даъво қилинган.

Мурожаат муаллифи 503 варақдан иборат далилий ҳужжатларни туман прокуратурасига тақдим этганини, кейин эса Президент қабулхонаси, Бош прокуратура, ДХХ, тегишли вазирликлар ва бошқа идораларга ҳам мурожаат қилганини билдирган.

Унинг таъкидлашича, қўшимча ҳужжатларни таҳлил қилиш натижасида гумон қилинаётган маблағ миқдори 3 миллиард 727 миллион сўмга етган.

Мурожаатда келтирилган айбловлар ҳозирча суд ҳукми билан тасдиқлангани кўрсатилмаган. Ҳужжатда тилга олинган мансабдорлар ва идораларнинг ушбу иддаоларга муносабати ҳам келтирилмаган.