Бухоро вилояти Когон шаҳридаги Гагарин номли 10-сонли умумтаълим мактабида ёш педагогга нисбатан босим ўтказилаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда таҳририятга келиб тушган мурожаатда маълум қилинган.

Мурожаатда қайд этилишича, мазкур мактабда бир йилдан кам муддатдан буён фаолият юритаётган тарих фани ўқитувчиси ишдан кетишга мажбурланаётганини билдирган. Унинг таъкидлашича, мактаб маъмурияти ва айрим ўқитувчилар ундан ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни талаб қилган.

Ҳолатга сабаб сифатида номаълум профиль орқали педагогга юборилган шахсий ёзишмалар тилга олинган. Мурожаат муаллифига кўра, ушбу ёзишмалар таълим жараёнига алоқадор бўлмаган ва кечки соатларда амалга оширилган. Шунга қарамай, бу ҳолат мактаб жамоасида муҳокама қилингани, ёш ўқитувчига нисбатан босим кучайгани иддао қилинмоқда.

Мурожаатда мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Истамов Элбек Илҳомович томонидан ўқитувчига “аризангни ёзиб, ишдан кетганинг маъқул” мазмунида гаплар айтилгани билдирилган. Шунингдек, номаълум шахс томонидан хавф бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирилиб, бу ҳолат педагогни қўрқитиш воситасига айлангани таъкидланган.

Ёш ўқитувчи вазият кескинлашганидан сўнг 102 рақамига мурожаат қилганини маълум қилган. Мурожаатда айтилишича, воқеа жойига келган масъуллар томонидан таҳдид қилаётган шахсларга қатъий огоҳлантириш берилмаган, аксинча, жабрланувчи томондан “даъвойим йўқ” мазмунида тушунтириш хати ёздириб олинган.

Кейинги куни педагог ишга келганида, мактаб маъмурияти ва айрим фан ўқитувчилари томонидан яна ишдан кетиш ҳақида ариза ёзиш талаб қилингани иддао қилинмоқда.

Мурожаатда мазкур ҳолат ортида дарс соатлари тақсимоти билан боғлиқ низо бўлиши мумкинлиги ҳам айтилган. Унга кўра, ёш педагог миллий сертификатга эга бўлгани учун янги ўқув йилидан кўпроқ дарс соатлари олиш ҳуқуқига эга. Бироқ мактабда фаолият юритаётган айрим ўқитувчилар бунга қарши экани таъкидланган.

Шунингдек, мурожаат муаллифи январь ойида дарс тақсимоти ўтказилиши керак бўлгани, аммо мактабда бу жараён амалга оширилмаганини билдирган.

Мурожаатда “мактаб тарбия ва адолат маскани бўлиши керак, аммо ёш педагог қўрқув ва босим остида қолмоқда”, дейилади.

Ҳозирча Когон шаҳридаги 10-сонли мактаб маъмурияти, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда ички ишлар органлари мазкур иддаолар юзасидан расмий муносабат билдиргани маълум эмас.

Таҳририят масъул ташкилотлардан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини, педагогга нисбатан босим ўтказилгани ёки ўтказилмагани, 102 чақируви бўйича қандай чора кўрилгани ҳамда мактабда дарс соатлари тақсимоти қонуний амалга оширилган-оширилмагани юзасидан изоҳ сўрайди.