СУВСИЗЛИККА ЕЧИМ: КИЧИК ВА МИКРО ГЭСЛАР ТАРМОҒИ РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ
Қишлоқларда сув танқислиги ва энергия таъминоти муаммоларини енгиллатиш мақсадида кичик ва микро ГЭСлар тармоғини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Лойиҳалар рақамли платформа ва электрон аукционлар орқали, экоталабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Қишлоқларда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар тобора долзарб бўлиб бормоқда. Айрим ҳудудларда сув танқислиги нафақат аҳолининг кундалик эҳтиёжларига, балки хонадонларнинг томорқасидан самарали фойдаланишига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Сув етишмаслиги сабаб айрим оилалар томорқасига экин экиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
Бундай шароитда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мавжуд сув оқимларидан самарали энергия олиш ва қишлоқ ҳудудларида инфратузилмани ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда мамлакатда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар белгиланди.
Президент қарорига кўра, 2027 йил 1 февралгача салоҳиятли кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини аниқлаш, уларни амалга ошириш ва эксплуатация қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш учун рақамли платформа ишлаб чиқилади.
Янги лойиҳалар, аввало, сув ресурсларидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда электр энергияси ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Бу эса қишлоқ жойларда энергия таъминотини яхшилаш, маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш учун қўшимча имконият яратади.
Қуввати 5 МВтгача бўлган кичик ва микро ГЭСларни қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун электрон аукцион тизими жорий этилади. Бунда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тарифлари рақобат асосида белгиланади.
Шу билан бирга, янги ГЭСларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишда атроф-муҳит ва ижтимоий талабларга мажбурий равишда риоя этилади.
Қишлоқ аҳолиси учун энг муҳим масала эса сувдан самарали фойдаланиш. Томорқаларнинг унумдорлиги, экинларни суғориш имконияти ва хонадонларнинг даромади кўп жиҳатдан сув таъминотига боғлиқ. Шунинг учун сув ресурсларини тежаш, ирригация тизимларини яхшилаш ва замонавий технологияларни жорий этиш кичик ва микро ГЭСлар ривожи билан бир қаторда муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.
Яъни бугунги кунда қишлоқларда сувсизлик муаммосига фақат бир йўналишда эмас, балки сувни асраш, ундан тежамкор фойдаланиш, энергия ишлаб чиқариш ва қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш орқали комплекс ёндашиш талаб этилмоқда.
Кичик ва микро ГЭСлар тармоғининг ривожланиши эса маҳаллий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш билан бирга, қишлоқ ҳудудларида яшил энергетикани кенгайтириш учун янги имкониятларни очиши кутилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг