КАТТАХОНОВА «МАЖЛИС ЭМАС, ҚАБУЛ ЭДИ» ДЕДИ. ЭЛТУЗАРГА ЭСА ЯНГИ ШИКОЯТЛАР КЕЛДИ
Бош вазир ўринбосари Дилноза Каттахонова дам олиш кунларидаги онлайн тадбир «мажлис эмас, қабул» эканини айтди. Аммо Элтузарга қўмита тизимидаги қабулларнинг самарадорлиги ва қоғозбозлик ортиши бўйича янги шикоятлар келмоқда.
Элтузарда жума куни Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонованинг дам олиш кунларида видеоконференсалоқа орқали қабул ўтказгани танқид қилинган эди.
Материалда Президент томонидан ортиқча мажлисбозликни камайтириш талаби қўйилаётган бир пайтда юқори лавозимдаги раҳбарларнинг дам олиш кунларида ҳам иш жараёнларини ташкил қилиши қуйи бўғиндаги ходимларнинг дам олиш ҳуқуқига таъсир қилмаслиги кераклиги таъкидланганди.
Материал остидаги изоҳларда Дилноза Каттахонованинг ўзи муносабат билдирди.
У, аввало, бу тадбир мажлис бўлмаганини айтди:
«Биринчидан, мен мажлис ўтказмадим. Шахсий қабулимни сўраган фуқароларнинг мурожаатларини Zoom орқали ўргандим».
Каттахонованинг айтишича, қабул якшанба куни ҳам ўтказилмаган.
«Иккинчидан, қабул якшанба куни эмас, ҳафта бошидаги 5 кунлик дам олиш кунлари давомида фуқароларни узоқ куттирмаслик мақсадида ташкил этилди. Жараёнга ҳудудлардаги ходимлар жалб қилинмади», – деб ёзди у.
Бош вазир ўринбосари давлат хизматчиларининг дам олиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини ҳам таъкидлади.
«Мен давлат хизматчиларининг дам олиш кунларини, айниқса якшанбани, ўз оиласи бағрида ўтказиши тарафдориман».
Унинг таъкидлашича, асосий мақсад мурожаат қилган хотин-қизларнинг муаммоларини байрам кунлари тугашини кутмасдан ўрганиш бўлган.
Каттахонова Элтузар танқидига муносабат билдириб:
«Танқидни ҳам ҳурмат қиламан, фақат у аниқ фактларга асосланган бўлса, барчамиз учун фойдали бўлади», – деб ёзди.
Аммо ушбу изоҳдан кейин Элтузарга Каттахонова раҳбарлик қилаётган тизим фаолияти юзасидан янги мурожаатлар келиб тушди.
Мурожаатчилардан бири Каттахонованинг қабуллари ўтказилаётганини тан олса-да, улардан кейин амалий натижа бўлмаётганини иддао қилмоқда.
«Қабул ўтказгани билан ҳеч нарсани ҳал қилгани йўқ. Куни кеча ҳам суд билан боғлиқ масала бўйича қабул ўтказиб, вилоятдан уланганлар билан ҳеч ким шуғулланмади, қабул қилмади», – дейилади Элтузарга йўлланган хабарда.
Элтузар ушбу даъвони ҳозирча мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. Шунинг учун уни мурожаат муаллифининг позицияси сифатида келтирмоқдамиз.
Яна бир мурожаатда эса Оила ва хотин-қизлар тизимида қоғозбозлик ва турли жадвалларни тўлдириш кўпайгани ҳақида шикоят қилинган.
Мурожаат муаллифининг айтишича, унинг маҳаллада фаол бўлиб ишлайдиган таниши тизимдаги янги талаблардан норози.
Унинг иддаосига кўра, «баланс», «хатлов», анкета ва бошқа ҳисоботлар учун маҳалладаги фаоллар ҳатто қоғозни ўз ҳисобидан сотиб олиш ҳолатларига дуч келмоқда.
«Ҳар куни янги жадвал бераркан, зудлик билан тўлдир, дейишаркан. Қўмитадаги ходимлар ҳам норози, мақсадсиз ва пиар учун қилинаётган ишларга кўп жалб қилинаётган экан», – дейди мурожаатчи.
Бу иддаолар ҳам ҳозирча иккинчи томон ҳужжатлари ёки расмий маълумотлар билан тасдиқланган эмас.
Шу билан бирга, мазкур мурожаатлар Каттахонова Элтузардаги аввалги танқидга жавоб берганидан кейин яна бир муҳим саволни ўртага чиқармоқда:
масала қабулнинг якшанбада ёки бошқа дам олиш кунида ўтказилганидами, ёки қабул ва йиғилишлардан кейин фуқаро учун реал натижа бўлишидами?
Каттахонова ўз муносабатида фуқароларни куттирмаслик учун дам олиш кунларида мурожаатларни ўрганганини таъкидлади. Энди эса Элтузарга келаётган шикоятлар қабулларнинг натижадорлиги, қуйи тизимдаги қоғозбозлик ва ходимларга тушаётган юклама масаласини кўтармоқда.
Агар қабуллар ҳақиқатан ҳам фуқаронинг муаммосини ҳал қилаётган бўлса, бу – натижа.
Аммо қабуллар сони кўпайиб, ортидан яна жадвал, ҳисобот, анкета ва бажарилмаган мурожаатлар қолаверса, унда жамоатчиликда «қабул кўп, натижа қанча?» деган савол туғилиши табиий.
Элтузар Дилноза Каттахонова ва Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг юқоридаги янги мурожаатлар бўйича муносабатини ҳам эшитишга тайёр. Агар расмий изоҳ тақдим этилса, у материалда тўлиқ ёритилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг