Навоий вилояти Кармана туманидаги 3-мактабда вояга етмаган икки ўқувчи қиз ҳомиладор бўлгани ҳақида хабарлар ота-оналар орасида жиддий хавотир уйғотмоқда.

Маълумотларга кўра, улардан бири 10-синф ўқувчиси бўлиб, аллақачон фарзандли кўрган. У дарсларга мунтазам қатнашмаган, фақат назорат имтиҳони куни чақалоғи билан мактабга келгани айтилмоқда.

Иккинчи ҳолат эса 8-синф ўқувчиси билан боғлиқ. У ҳозирда ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида экани айтилмоқда. Прокуратура тақдимотига кўра, ўқувчи дарсларга узлуксиз келмаган бўлса-да, мактаб ўқитувчилари томонидан унга баҳолар қўйиб келингани маълум қилинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Ўқувчи қизлар мактабга келмай юрганида, уларнинг давомати ва таълими учун масъул бўлган шахслар қаерда эди?

Ота-оналар мактаб маъмурияти қизлар тарбияси, давомати ва назоратига етарли эътибор қаратмаганини таъкидлаб, вазиятдан хавотирда эканини билдирмоқда.

Шунингдек, вояга етмаган қизни турмушга узатиш ҳолати бўйича унинг отаси ҳамда никоҳ муносабатига киришган йигит маъмурий жавобгарликка тортилгани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан расмий муносабат билдирилиши кутилмоқда.