“АССАЛОМ РУС ХАЛҚИ” ЁХУД КАРИМОВ НЕГА СТАЛИН ГИМНИ МУСИҚАСИНИ САҚЛАБ ҚОЛГАН?
ЖСТ юридик эксперти Умида Ҳақназар Ўзбекистон гимни тарихи ва нега Ислом Каримов Сталин давридаги ЎзССР гимни мусиқасини сақлаб қолгани ҳақида отаси — бастакор Зоҳид Ҳақназаров қатнашган танлов тажрибасига таянилган фикрларини баён қилади.
Таниқли композитор, Ўзбекистон халқ артисти, марҳум профессор Зоҳид Ҳақназаровнинг қизи Умида Ҳақназар Ўзбекистон гимни ҳақида фикр билдирди. Жаҳон савдо ташкилоти юридик эксперти бўлган Умида Ҳақназар ижтимоий тармоқларда қолдирган изоҳида нима учун Каримов Сталин давридаги Ўзбекистон ССР гимни мусиқасини сақлаб қолгани юзасидан ўз қарашини баён қилган.
“Гимнни ҳам алмаштириш мумкин эди. Илк тактлариданоқ қулоқда ҳалигача «ассалом рус халқи» руҳи эшитилиб туради. 90-йиллар бошида бу бўйича ҳатто конкурс ҳам ўтказилган. Ҳакамлар ҳайъатида профессионал бастакорлар, шоирлар, ёзувчилар бўлган. Ўзбек композиторларининг тўққизта варианти тақдим этилган, улар орасида жуда истеъдодли ва оригинал асарлар ҳам бор эди. Симфоник оркестр барча вариантларни ижро этган.
Аммо Мутал Бурҳонов ўз мусиқаси алмаштирилишидан қаттиқ хавотирга тушиб, Каримов олдига кириб, уни қолдиришни сўраган. Каримов рози бўлган. Фақат матн алмаштирилган.
Бу конкурс ҳақида яхши биламан, чунки отам ҳакамлар ҳайъатида бўлган ва конкурсга қўйилган барча асарларни ўзи ижро этган. Каримов кейин қарорини ўзгартириб, эски гимнни қолдирганини эса анча кейин — ўша пайтда Бастакорлар уюшмаси раиси бўлган Аҳмад Ҳамидович Жабборовдан эшитганман. Мутал Бурҳонов уни Каримов олдига бирга киришга кўндирган экан.
Аслида бу нотўғри қарор бўлган. Чунки янги асарларнинг кўпи ёш авлод бастакорлари томонидан ёзилган, уларнинг дунёқараши ва мусиқий ҳисси бошқача эди. Бурҳонов гимни эса анча йиллардан бери танқид қилиниб келинган. Унинг бош мавзуси Вердининг “Аида” операсидаги маршни эслатади. Кейинги ривожи ҳам мусиқий ва драматик жиҳатдан камбағал. Бу- совет мафкураси эҳтиёжларига мослаштирилган гимн бўлган, унинг энг юксак ижоди эмас.
Шунинг учун қарор ҳам мусиқий, ҳам мафкуравий жиҳатдан хато эди. Лекин Каримов каби совет аппаратидан чиққан, дунёқараши чекланган раҳбардан бошқача қарор кутиш қийин эди”, деб ёзган Умида Ҳақназар.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг