«КАЛМУРАТОВ КЕТИНГ»: ИККИНЧИ МУРОЖААТДА ТУРКИЯ ВА ХИТОЙ САФАРИ УЧУН ПУЛ ЙИҒИЛГАНИ АЙТИЛМОҚДА
Тошкент вилояти педагогларини ўқитиш тизими раҳбарияти Туркия ва Хитойдаги малака ошириш сафарларини пулли схемага айлантиргани ҳақида навбатдаги мурожаатда жиддий даъволар илгари сурилди. Элтузар бу маълумотларни мустақил тасдиқламаган.
Элтузарга Тошкент вилоятидаги педагоглар малакасини ошириш тизими фаолияти юзасидан навбатдаги – иккинчи мурожаат келиб тушди. Унда раҳбарият томонидан хорижда малака ошириш учун ажратилган имкониятлар пулли схемага айлантирилгани ҳақида жиддий даъволар илгари сурилмоқда.
Аввалги мурожаатда Тошкент вилоятидаги малака ошириш муассасаси раҳбари Тимур Калмуратов фаолияти билан боғлиқ мажбурий меҳнат, ходимлардан пул йиғиш, айримларга 200 фоизгача устама ва моддий ёрдам ажратиш, бошқа ходимларнинг эса ҳақ тўловларидан норози экани каби масалалар кўтарилган эди.
Янги мурожаатда эса асосий эътибор хорижда малака ошириш сафарларига қаратилган.
Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, институтнинг асосий вазифаси ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни янги педагогик технологиялар билан таништириш ва илмий салоҳиятни юксалтириш бўлиши керак. Аммо уларнинг иддаосига кўра, амалда раҳбариятнинг асосий эътибори хорижга одам юбориш ва хорижий делегацияларни қабул қилишга қаратиб қўйилган.
Хусусан, мурожаатда Туркияга малака оширишга юбориш жараёнида Тимур Калмуратов, Тошкент вилояти таълим бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхон ва кадрлар бўлими раҳбари Уразова Назокат Аллабергановна фаол иштирок этаётгани айтилган.
Мурожаатчиларнинг даъвосича, мазкур сафарларга асосан мактаб директорлари жалб қилиниб, улардан 1500 АҚШ долларидан нақд пул олинади, бироқ ҳужжатларда сафар бепул ва давлат ҳисобидан амалга оширилаётгандек расмийлаштирилади.
«Мактаб директорлари ўз лавозимини сақлаб қолиш учун “жим” юришга мажбур», -дейилади Eltuzar’га юборилган мурожаатда.
Иккинчи жиддий даъво Хитой Халқ Республикасидаги малака ошириш дастури билан боғлиқ.
Мурожаат муаллифларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Хитойда бепул малака ошириш учун ажратилган квота ҳам пулли тарзда тақсимланган.
Уларнинг таъкидлашича, Тимур Калмуратов ва ISFT институтидаги масъул шахс орқали мазкур дастурда иштирок этган Тошкент вилояти малака ошириш тизими методистлари Гулчеҳра Шомуратовна ва Гулмира Асқаржановнадан 1150 АҚШ долларидан пул олинган.
Мурожаатда Хитойдаги малака ошириш дастурининг харажатлари давлат томонидан қоплангани, шунга қарамай иштирокчилардан қўшимча маблағ талаб қилингани айтилмоқда.
«Аслида Хитойда малака ошириш давлат томонидан бепул эди. Пули тўлиқ қопланган методистлардан ҳатто овқат учун ҳам алоҳида пул олинган», – дейди мурожаат муаллифлари.
Уларнинг айтишича, институт методистлари ҳам иш жойини йўқотиш ёки бошқа босимларга дуч келишдан хавфсираб, бу ҳолатлар ҳақида очиқ гапира олмаяпти.
Мурожаат якунида жамоа Тимур Калмуратов бошқарувидан норози эканини билдириб, уни лавозимни тарк этишга чақирган.
«Бундай бошқарув билан малака оширишни бошқаргандан кўра, виждон билан кетган маъқул», – дейилади мурожаатда.
Шунингдек, мурожаатчилар малака ошириш тизимидаги бошқа ҳолатларга оид учинчи қисмни ҳам Элтузарга тақдим этишларини маълум қилишган.
Элтузар мазкур мурожаатда келтирилган 1500 ва 1150 долларлик тўловлар, маблағларни ким қабул қилгани ҳамда Туркия ва Хитой сафарларининг молиялаштириш тартибига оид даъволарни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. Шу сабабли ушбу маълумотлар мурожаат муаллифларининг иддаолари сифатида келтирилмоқда.
Тимур Калмуратов, Шукур Бурхон, Назокат Уразова, ISFT институти ва бошқа тилга олинган шахс ҳамда ташкилотлар мазкур даъволар юзасидан муносабат билдирса, Eltuzar уларнинг жавобини ҳам эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг