ШОШИЛИНЧ! ЖЎРАБЕК МИРЗАМАҲМУДОВ ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ
Энергетика вазири лавозимидан икки кун олдин озод этилган Жўрабек Мирзамаҳмудов “жуда кўп миқдордаги мол-мулкни талон-торож қилиш”да гумонланиб қамоққа олинди. Расмий идоралар ҳодиса юзасидан ҳали очиқ баёнот бергани йўқ.
27 июль куни Ўзбекистон президенти фармони билан энергетика вазири лавозимидан озод этилган Жўрабек Мирзамаҳмудов орадан икки кун ўтиб – бугун 29 июль куни қамоққа олинди.
Элтузарнинг бир-биридан мустақил бир нечта манбасига кўра, собиқ вазир “жуда кўп миқдордаги мол-мулкни талон-торож қилиш”да гумонланмоқда. Унинг қайси жиноят иши доирасида ушлангани, эҳтимолий зарар миқдори ва қандай эҳтиёт чораси қўллангани ҳозирча маълум эмас.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Мирзамаҳмудовнинг қамоққа олингани ва унга қўйилаётган айбловлар ҳақида ҳозирча очиқ расмий баёнот бергани йўқ.
27 июль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида энергетика соҳасидаги жиддий камчиликлар танқид қилинган ва Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўрнига Шерзод Хўжаев энергетика вазири этиб тайинланди.
Сўнгги ҳафталарда Мирзамаҳмудовнинг юқори даражадаги энергетика йиғилишларидаги иштироки сезиларли даражада камайгани кузатилган. Хусусан, 6 ва 17 июль кунлари нефть-газ тармоғини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда соҳадаги мурожаатларни ҳал этиш масалалари бўйича ўтказилган президент тақдимотлари ҳақидаги расмий хабарларда унинг исми тилга олинмаган.
Элтузар манбаларига кўра, Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг туғишган акаси, ПХХ юқори мулозими, Нодир Мирзамаҳмудов ҳам аввалроқ қамоққа олинган.
Айрим манбаларнинг билдиришича, Нодир Мирзамаҳмудов тергов давомида яқинда лавозимидан озод этилган Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Алишер Усмоновга қарши муҳим кўрсатмалар берган. Алишер Усмонов 18 июль куни лавозимидан кетган ва унинг ўрнига Рустам Жўраев тайинланган эди.
Манбалар, шунингдек, терговчилар собиқ вазирдан амалдаги бош вазир Абдулла Ариповга тааллуқли бўлиши мумкин бўлган маълумотларни олишга уринаётганини иддао қилмоқда.
Энг ишончли хабарларни биринчилардан бўлиб билмоқчи бўлсангиз Элтузарни кузатинг. Элтузарнинг телеграм манзили: https://t.me/eltuzar_live
Бизнинг фейсбукдаги манзилимиз: https://www.facebook.com/eltuzar ва https://www.facebook.com/profile.php?id=100064804536009
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг