ЖИЗПИДА ЎҚИТУВЧИГА «АРИЗА ЁЗМАСАНГ – КЕТ» ДЕЙИЛДИМИ?
Жиззах политехника институти катта ўқитувчиси Умида Аҳмаджонова раҳбарият уни 0,75 штатдан 0,5 штат ассистентликка ўз ихтиёри билан ўтиш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаётгани, рад этгани учун эса ишдан бўшатиш билан таҳдидларга дуч келаётганини иддао қилмоқда.
Жиззах политехника институти Физика кафедраси катта ўқитувчиси Умида Аҳмаджонова институт раҳбарияти ва кафедра мудири томонидан ўзига нисбатан руҳий босим ўтказилаётгани, лавозими ва штат бирлигини пасайтириш учун мажбуран ариза ёздиришга уринилаётгани ҳамда ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинаётгани ҳақида мурожаат қилди.
Аҳмаджонованинг Элтузарга тақдим этган аризасида айтилишича, у Жиззах политехника институти Физика кафедрасида уч йилдан бери 0,75 штат катта ўқитувчи лавозимида ишлаб келади. Унинг даъвосига кўра, кафедра мудири Эркин Ахмедов ундан 0,75 штат катта ўқитувчиликдан 0,5 штат ассистентликка “ўз хоҳиши билан” ўтиш ҳақида ариза ёзишни талаб қилган. Ўқитувчи бунга рози бўлмаганидан кейин масала институт раҳбарияти иштирокидаги йиғилишга олиб чиқилган.
Мурожаатда қайд этилишича, 2026 йил 15 сентябрь куни ўқув ишлари бўйича проректор Маҳсуд Очилов, касаба уюшмаси раиси Хамроз Улуғмуродов, кадрлар бўлими бошлиғи Абдувоҳид Хазратқулов, факультет декани Меҳриддин Усанов ҳамда кафедра ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилган.
Аҳмаджонова ушбу йиғилишни ўзига нисбатан жамоа олдида ўтказилган “оммавий психологик тазйиқ” деб баҳоламоқда. Унинг сўзларига кўра, йиғилишда KPI натижаси ҳам асосий важлардан бири сифатида кўрсатилган.
Аризага кўра, ўқитувчининг KPI кўрсаткичи 38 балл бўлиб, белгиланган 40 баллдан икки балл кам чиққан. Мурожаатчи айнан шу натижа унинг 0,5 штат ассистентликка ўтиши лозимлигига асос сифатида келтирилганини иддао қилмоқда.
Унинг таъкидлашича, ариза ёзишдан бош тортгач, кадрлар бўлими бошлиғи Абдувоҳид Хазратқулов:
«Ҳозирги йиғилиш баённомаси сени ишдан бўшатишга асос бўлади»,
деган.
Ўқув ишлари бўйича проректор Маҳсуд Очилов эса, мурожаатда келтирилишича:
«Ариза ёзиб бермагани – рад этгани бўлади. Демак, хоҳламас экан, ишдан кетаверсин»,
деган.
Аҳмаджонова, шунингдек, йиғилишда унинг “қаттиққўл ва талабчан ўқитувчи” бўлгани учун айрим факультет деканлари унинг ўз факультетларида дарс беришини хоҳламаётганини даъво қилмоқда. У эса талабчанликни дарс соатини қисқартириш ёки лавозимни пасайтириш учун асос деб ҳисобламайди деган фикрда.
Мурожаатда яна кафедра мудири ва кадрлар бўлими раҳбари уни институтда белгиланганидан кўпроқ вақт қолишга ундаётгани, аввал шанбалик ва ободонлаштириш ишларида, жумладан парта-стул ташиш каби ишларга қатнашмагани ҳам унга қарши важ сифатида ишлатилгани айтилган.
Ўқитувчи дарс соатлари тақсимотига ҳам эътироз билдирган. Унинг даъвосича, асосий штатдаги ходимга дарс соатлари етишмаётгани айтилган бир пайтда кафедрада уч нафар таянч докторант 0,5 штатдан ассистент сифатида ишламоқда. Аҳмаджонова бу ҳолатнинг қонунийлигини ҳам текширишни сўраган.
Мурожаатчи ваколатли идоралардан 15 сентябрь куни ўтказилган йиғилиш, KPI натижаларидан фойдаланиш, мажбуран ариза ёздиришга уриниш, ишдан бўшатиш билан боғлиқ пўписалар ҳамда кафедрадаги дарс соатлари тақсимотини текшириб, масъуллар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда. Шунингдек, у амалдаги 0,75 штат катта ўқитувчи лавозими ва дарс юкламаси сақлаб қолинишини талаб қилган.
Ариза охирида 15 сентябрдаги йиғилиш институт Физика кафедрасининг 305А хонасида ўтказилгани, агар хонадаги камералар ишлаган бўлса, воқеани видеоёзувлар орқали текшириш мумкинлиги ҳам кўрсатилган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг