Жиззах давлат педагогика университетининг ўзини «алданган профессор-ўқитувчилар ва оддий ходимлар» деб атаган бир гуруҳ вакиллари университетда моддий рағбатларни тақсимлаш, кадрлар сиёсати ва айрим мансабдорларнинг таъсир доираси юзасидан жиддий саволлар кўтариб, ваколатли давлат органларидан текширув ўтказишни сўради.

Очиқ мурожаатда айрим ходимларга ҳар ой 10–15 баравар миқдорида, баъзи ҳолларда эса 30 миллион сўмгача моддий рағбат берилаётгани даъво қилинмоқда. Мурожаат муаллифлари бундай маблағларни ким, қайси мезонлар асосида ва нима учун олаётгани жамоага тушунарли эмаслигини билдирган.

Шунингдек, мурожаатда ректор ёрдамчиларининг айримлари 10 баравар рағбат, университетдаги тўрт нафар ректор ёрдамчисининг ҳар бири эса 400 фоизлик устама олаётгани ҳақида иддаолар келтирилган.

Мазкур рақамлар ҳозирча мустақил манбалар ёки университетнинг молиявий ҳужжатлари билан тасдиқланган эмас.

«ҚАРОРЛАР РЕКТОР ЭМАС, БОШҚА ШАХСЛАР ТАЪСИРИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНЯПТИ»

Мурожаат муаллифларининг асосий эътирозларидан бири университет юридик бўлими раҳбари сифатида тилга олинган Абдурашид Алиқулов билан боғлиқ.

Улар университетдаги айрим муҳим қарорлар амалда ректордан кўра Алиқулов ва унинг атрофидаги шахслар таъсирида қабул қилинаётгани ҳақида ходимлар орасида норозилик борлигини даъво қилмоқда.

Мурожаатда Алиқулов билан келишмовчиликка борган ёки унга маъқул келмаган ходимларга нисбатан босим бўлиши мумкинлиги, жумладан, уларнинг моддий рағбатлари камайтирилиши, иш фаолиятига тўсиқлар қўйилиши ёки ишдан четлатишгача борувчи чоралар қўлланиши ҳақида хавотирлар билдирилган.

Бу иддаолар ҳам ҳозирча мустақил равишда тасдиқланган эмас ва уларга Абдурашид Алиқуловнинг муносабати маълум эмас.

РЕКТОР ЁРДАМЧИСИ АТРОФИДАГИ САВОЛЛАР

Очиқ мурожаатда ректор ёрдамчиси Турсунмурод Шоимов фаолиятига ҳам алоҳида урғу берилган.

Муаллифлар унинг университетда расмий вазифасидан ташқари таъсир доираси шакллангани, айрим раҳбар ходимлардан турли тадбирлар муносабати билан маблағ йиғилиши ҳақида гап-сўзлар мавжудлигини билдирган. Шунингдек, унинг кетма-кет ойларда 10 баравар моддий рағбат олгани ҳам даъво қилинмоқда.

Мурожаат муаллифлари Жаҳонгир Мажидов билан боғлиқ ҳолатни ҳам текширишни сўрамоқда.

Уларнинг даъвосига кўра, ходимлар бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаган Мажидовга қисқа вақт ичида 10 баравар моддий рағбат берилган. Мурожаатда у айни пайтда касаба уюшмаси қўмитаси раиси экани ҳам айтилган.

ЯНГИ РЕКТОР БИЛАН БОШЛАНГАН УМИД

Мурожаат муаллифлари янги раҳбарият фаолиятига тўлиқ салбий баҳо бермаган.

Улар 2025 йил 25 август куни янги ректор тайинланганидан кейин университетда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилганини қайд этган. Жумладан, узоқ мажлислар қисқаргани, «110 баллик» баҳолаш тизими бекор қилингани ва ходимларни рағбатлантириш амалиёти йўлга қўйилгани айтилган.

Университетнинг расмий ахборотига кўра, айнан 2025 йил 25 августда Мақсуджон Абдуллаевич Йўлдошев Жиззах давлат педагогика университетининг янги ректори сифатида жамоага таништирилган. У Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан лавозимга тайинланган.

Бироқ мурожаат муаллифлари дастлабки ижобий ўзгаришлар ортидан университетда рағбат пулларини тақсимлашда тенглик ва шаффофлик масаласи пайдо бўлганини иддао қилмоқда.

Уларнинг фикрича, айрим раҳбар ва уларга яқин ходимларга катта миқдорда маблағлар ажратилаётган бир пайтда ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар етарли даражада қўллаб-қувватланмаяпти.

ХОДИМЛАР НИМАНИ ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА?

Мурожаат муаллифлари ваколатли идоралардан университетда моддий рағбатларни тақсимлаш; устама ва мукофотларни белгилаш; хизмат ваколатларидан фойдаланиш;
кадрлар сиёсати; молиявий қарорларни қабул қилиш жараёнларини холис текширишни сўрамоқда.

Улар текширув давомида кимларга қанча устама ва рағбат берилгани, бу маблағлар қайси ҳужжат ва мезонлар асосида ажратилгани ҳамда ходимларга муносабатда манфаатлар тўқнашуви ёки бошқа қонунбузилиш ҳолатлари бўлган-бўлмаганига ҳуқуқий баҳо берилишини истамоқда.

Очиқ мурожаат якунида муаллифлар Саида Мирзиёева, Қўнғиротбой Шарипов ва Эъзоза Каримовадан ҳам мазкур масалаларга эътибор қаратишни сўраган.