ЖИЗЗАХ ПЕДУНИВЕРСИТЕТИДА ИЛМИЙ УНВОН НОМЗОДЛАРИГА НЕГА УСТАМА ТЎЛАНМАЯПТИ?
Жиззах давлат педагогика университетида доцент в.б. ва профессорларга маош устамалари нега тўланмаётгани, ректорнинг дўсти саналган меҳмон профессорга эса 32 соат дарс учун 48 млн сўм ажратилгани молиявий ҳужжатлар орқали очиқланди.
Жиззах давлат педагогика университетида в.б. доцент ва в.б. профессорларнинг маош устамаси тўланмаяпти, устама тўлови ректор талаби билан тўхтатилган. Лекин айни дамда ректорнинг дўсти ва ҳаммуаллифи бўлган меҳмон профессорга 32 соат дарс учун 48 миллион сўм тўланганини молиявий ҳужжатлар далилламоқда.
Аслида илмий даражаси йўқ педагоглар учун бир соатлик иш ҳақи 79 249 сўм этиб белгиланган. Шу меъёрдан келиб чиқиб ҳисобланганда, 32 соат дарс учун тахминан 2 миллион 535 минг сўм тўланиши керак. Ҳатто четдан жалб этилган мутахассисларга 400 фоизгача устама қўлланилганда ҳам, умумий тўлов 10 миллион 141 минг сўмдан ошмаслиги лозим.
Бироқ Жиззах давлат педагогика университетидаги айрим ҳолатлар ушбу ҳисоб-китоблар амалда қандай қўлланилаётгани борасида саволларни келтириб чиқармоқда.
Маълумотларга кўра, университетда доцент в.б. ва профессор в.б. лавозимидаги айрим ўқитувчиларга ойлик тўловлар тўхтатилган. Шу билан бир вақтда, айрим ўқитувчиларга, жумладан Равшан Жўраевичга, февраль–март ойларидаги дарслари учун юқори миқдорда иш ҳақи тўлангани айтилмоқда.
Бундан ташқари, университетда илмий даражаси йўқ катта ўқитувчиларнинг дарс юкламаси 0,25 ставкагача қисқартирилаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Бу эса уларнинг даромадига бевосита таъсир қилади.
Манбааларга кўра, бундай қарорлар қабул қилиниши жараёнида иштирок этаётган шахсларнинг ўзи ҳам илмий даражага эга эмас. Бу ҳолат ички қоидалар барча ходимларга бир хил қўлланилмаётганидан далолат.
Очиқ манбаларга кўра, университет ректори лавозимида Мақсуджон Йўлдашев фаолият юритмоқда. У 2025 йилда мазкур лавозимга тайинланган.
Ҳозирча университет раҳбарияти ушбу ҳолатлар юзасидан оммавий тарзда изоҳ бергани маълум эмас.
Олий таълим муассасаларида молиявий шаффофлик ва ягона ёндашув таъминланмаса, бу жамоа ичида ишончнинг пасайишига олиб келиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг