ЖИЗЗАХДАГИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ АГЕНТЛИГИ ФИЛИАЛИ ГУРУҲБОЗЛИК ЎЧОҒИМИ?
Жиззах вилояти Ижтимоий ҳимоя агентлиги бошқармасида вакант лавозимларга тайинловлар ва кадрлар алмашинувида гуруҳбозлик, таниш-билишчилик ва малака мезонларининг ноаниқлиги ҳақида саволлар ўртага ташланмоқда.
Жиззах вилояти Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқармасида кадрлар сиёсати ва раҳбарлик лавозимларига тайинловларда тизмий гуруҳбозлик аломатлари кузатиляпти.
Агентликнинг вилоятдаги раҳбарияти алмашгач, жамоада соҳага адолат ва тенг имкониятлар киритилади, ижтимоий ходимлар қўллаб-қувватланади, мавжуд вакант лавозимларга муносиб мутахассислар ишга қабул қилинади, деган умидлар оралаганди. Аммо айрим ходимлар ва иш излаётган фуқаролар умидлар пучга чиққанини билдирди.
Юқори лавозимларга муайян ҳудуддан бир-бирига яқин бўлган кадрлар олиб келиняпти, соҳа бўйича тажрибали мутахассислар ишдан бўшатиляпти ёки бошқа лавозимларга ўтказиляпти.
Шунингдек, тизимда муҳим лавозимларга соҳани етарлича билмайдиган шахслар тайинланяпти.
«Вакант лавозимларга номзодлар қандай мезонлар асосида танланиши номаълум. Муайян ҳудуд ёки шахсий таниш-билишчилик омиллари мавжуд эмасми?
Жиззах шаҳрида янги очилган марказлардан бири бўйича ҳам мурожаатда жиддий эътирозлар билдирилган. Марказ раҳбари сифатида таништирилган ходимнинг соҳага оид билим ва тажрибаси етарлими, марказдаги штатлар қандай тўлдирилган — бу саволларга ҳам ойдинлик киритиш керак.
Шу муносабат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси раҳбари Оллоёров Мансурбек Полвонзодага қуйидаги саволлар билан мурожаат қиламиз:
— Вакант лавозимларга ишга қабул қилиш қандай мезонлар асосида амалга оширилмоқда?
— Раҳбарлик лавозимларига тайинланаётган ходимларнинг соҳа бўйича малакаси қандай баҳоланади?
— Кадрлар танловида манфаатлар тўқнашуви ва таниш-билишчиликнинг олдини олиш бўйича қандай назорат механизмлари мавжуд?
Юқоридаги маълумотлар борасида расмий изоҳ бериш ва жамоатчиликка аниқ маълумот тақдим этиш сўралади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг