ТАШҚАРИДА ШИОР, ИЧКАРИДА 32 МИНГ ДОЛЛАР
Жиззахда Бизнес-омбудсман вакили 32 минг доллар билан қўлга олиниши тадбиркорни ким ва қандай ҳимоя қилиши, тизим ичидаги ишонч инқирози ва очиқ ахборот нега йўқлиги ҳақида кескин саволларни кун тартибига чиқарди.
Жиззахдаги ҳолат яна бир бор оғриқли саволни ўртага ташлади: тадбиркорни ким ҳимоя қилади – унинг ҳуқуқини поймол қилаётганларданми ёки уни ҳимоя қилиши керак бўлган тизимнинг ўзиданми?
8–19 июнь кунлари Жиззах вилояти Бизнес-омбудсман вакили Сардор Усмонов 32 минг АҚШ доллари билан боғлиқ тезкор тадбир давомида қўлга олинган. Маълумотларга кўра, ушбу маблағ тадбиркорга қайтариб берилаётган вақтда ҳолат фош бўлган.
Бундан бир неча кун олдин – 12 июнь куни Жиззахда юқори даражада тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилган. Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Шерзод Озодзода, Бизнес-омбудсман раҳбарияти ва бошқа масъуллар тадбиркорлар дардини эшитиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирган.
Саҳнада – “тадбиркор давлат ҳимоясида” деган шиорлар. Орадан кўп ўтмай эса шу ҳудудда Бизнес-омбудсман вакили 32 минг долларлик иш билан тилга тушмоқда.
Буни қандай тушуниш мумкин?
Оддий фуқаро 300–400 доллар билан ушланса, унинг юзи камерага тиқилади, овози титраб турган ҳолда “пушаймонман” дегизилади, қўлини доллар устига бигиз қилиб суратга тушишга мажбурланади. Аммо тизим ичидаги каттароқ пуллар ҳақида гап кетса, ҳамма оғзига талқон солиб олади. Нега бундай ҳолатлар бўйича расмий, тўлиқ ва очиқ ахборот берилмайди?
Бизнес-омбудсманнинг вазифаси тадбиркорни амалдор босимидан, ноқонуний текширувлардан, пора сўрашдан, маъмурий зўравонликдан ҳимоя қилиш эди. Агар шу тизим вакили шундай пулли можарода қўлга тушса, бу энди битта ходимнинг хатоси эмас – бутун тизимда ишонч инқирози борлигидан дарак.
Тадбиркор давлатга ишонмоқчи бўлади. Лекин у мурожаат қилган идоранинг ўзидан ҳам хавф сезса, унда бу мамлакатда бизнес муҳити ҳақида қандай гапириш мумкин?
Нега бу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман девони жамоатчиликка тўлиқ изоҳ бермайди?
Нега Бош прокуратура ва ДХХ ушбу ишнинг тафсилотларини очиқламайди?
Нега тадбиркорларни ҳимоя қилиши керак бўлган идорадаги ходимнинг 32 минг долларлик иши бўйича жамоатчиликка аниқ ҳисобот берилмаяпти?
Қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Камбағалнинг 300 доллари “жиноят”, амалдорга яқин тизимдаги 32 минг доллар эса “жимгина ёпиладиган иш” бўлиб қолмаслиги шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг