Жиззах вилоятида ички ишлар идораларидан нафақага чиққан шахс ҳарбий қисмга ишга жойлаштириш ваколати ҳам, у ерда таниши ҳам бўлмаса-да, бу «хизмат»ни 2500 долларга баҳолаган. Суд ҳукмига кўра, сохта ваъда собиқ милиция ходимига 3 йилу 2 ойлик озодликни чеклаш жазоси билан якунланди.

Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг ҳукмида судланувчининг шахси У.Л. бош ҳарфлари билан кўрсатилган. У 1977 йилда туғилган, олий маълумотли, ички ишлар идораларидан нафақага чиққан.

Суд аниқлашича, У.Л. 2026 йил 6 март куни Ш.Холиқуловга уни Шароф Рашидов туманидаги 9784-сонли ҳарбий қисмга кинолог лавозимига ишга киритиш мумкинлигини айтган. Бунинг учун 2500 АҚШ доллари сўраган. 1500 доллар олдиндан, қолган 1000 доллар эса «иш битгач».

Қисқаси, лавозим ҳали йўқ, таниш ҳам йўқ, аммо тариф аллақачон тайёр.

Ҳукмда қайд этилишича, У.Л. ўзини ИИВ академик лицейида ишлайдиган, ҳарбий қисмнинг кадрлар бўлимида танишлари бор одам сифатида кўрсатган. Бироқ судда у ДХХ Чегара қўшинларида ҳам, ҳарбий қисмда ҳам ҳеч қандай таниши бўлмаганини тан олган.

Шунга қарамай, 7 март куни Жиззах шаҳридаги «Прим» ресторани олдида фуқародан 1500 доллар олган. Аммо «ишга киритиш операцияси» пул чўнтакка тушиши билан тўхтаган: У.Л. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда ушланган.

Кўздан кечириш вақтида унинг қўллари ва кийимларида махсус кукун излари аниқланган. Шим чўнтагидан эса олдиндан белгилаб қўйилган 1500 доллар чиққан.

Судда У.Л. пулни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб, кейинроқ қайтариб бермоқчи бўлганини айтган. Яъни, ишга жойлаштиришнинг иложи бўлмаган, аммо пулни «вақтинча жойлаштириш» режаси бўлган.

Суд ҳужжатларига кўра, У.Л. илгари ҳам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган. Бироқ унинг аввалги судланганлик ҳолати қонунда белгиланган тартибда тугагани сабабли, янги қилмиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган жиноят сифатида баҳоланмаган.

Дастлабки тергов У.Л.ни оғирроқ қисмлар билан айблаган бўлса-да, суд қилмишни фирибгарликка суиқасд ва пора беришга далолат қилиш деб қайта квалификация қилган.

Суд унинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, пушаймонлиги, қарамоғида уч нафар фарзанди борлиги ва яшаш жойидан ижобий тавсифланганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида қабул қилган. Ғараз нияти эса жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳоланган.

Якунда У.Л.га 3 йилу 2 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган. У назорат органининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартира олмайди ва Жиззах вилоятидан ташқарига чиқа олмайди.

Шундай қилиб, мавжуд бўлмаган «танишлар» орқали ҳарбий қисмга ишга киритишни ваъда қилган собиқ милиция ходими энди ҳақиқий танишлари – пробация инспекторлари билан мунтазам кўришиб туради.