ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ЎҚИТУВЧИЛАРИНИНГ ИМТИҲОН НАТИЖАЛАРИ АСОССИЗ ПАСАЙТИРИЛДИ
Жисмоний тарбия ўқитувчилари сертификат синовининг амалий қисмида баллар 80 дан 60 га асоссиз туширилганини айтмоқда. Улар қайта ҳисоблаш жараёни адолатсиз бўлганини таъкидлаб, натижаларни амалдаги низом асосида қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.
Республика бўйлаб фаолият юритаётган жисмоний тарбия ўқитувчилари сертификат синовининг ижодий, яъни амалий қисми 80 баллдан 60 баллга туширилганидан норози бўлиб Спорт вазирлиги ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига мурожаат қилмоқчи.
2025 йил 17 октябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 652-сон қарорининг 3-боб, 31-бандига мувофиқ, синовнинг ижодий қисми 80 баллгача баҳоланиши керак. Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, бу сафар ҳаққоний баллар камайтириб ҳисобланди.
2025 йил 21 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эъзоза Каримова иштирокида мазкур масалага изоҳ берилган. Унда амалиётда 20 бал аёллар ва 20 бал эркаклар учун ажратилгани ҳақида фикрлар билдирилган. Бироқ бу ҳолат амалдаги низомда аниқ кўрсатилмади.
2025 йил 24 апрель куни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги баллар қайта ҳисобланганини эълон қилди. Аммо қайта ҳисоблаш жараёни ҳам ўқитувчиларни қониқтирмади. Хусусан, 60 бал олганларга 15 балгача қўшилган бўлса, 59, 58, 57 бал олганларга атиги 0.1–0.2 бал қўшилган ёки умуман қўшилмаган.
Бу эса бир бал фарқ билан паст натижа кўрсатган ўқитувчиларнинг меҳнати адолатли баҳоланмаганини кўрсатади.
Шу боис жисмоний тарбия ўқитувчилари масъуллардан баҳолаш жараёнини қайта кўриб чиқиб, уни амалдаги низом талабларига мослаштириш ҳамда шаффоф ва адолатли тарзда қайта баҳолашни талаб қилишмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг