ЖИНОЯТ ИШИ ОЧИЛГАН СОБИҚ ҲОКИМ ЭНДИ МАҲАЛЛАБОШИ БЎЛДИ
Сурхондарёда 2022 йилда ДХХ жиноят иши қўзғатгани эълон қилинган собиқ Музработ ҳокими Эркин Алимов маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари этиб тайинланди. Жамоатчилик эса жиноят ишининг тақдири ҳақида очиқ жавоб кутмоқда.
Сурхондарёликлар вилоят кадрлар сиёсатида яна бир “мўъжиза”га гувоҳ бўлишди. 2022 йилда ДХХ томонидан жиноят иши қўзғатилгани расман хабар қилинган собиқ Музработ тумани ҳокими Эркин Алимов энди Маҳаллалар уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармасига раҳбар этиб тайинланди.
Бу ёғи халқ унутади биз қайта тиклаймиз деган сиёсатнинг навбатдаги кўриниши.
Ўша пайтда расмий хабарларда Алимовга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш ёки растрата, 205-моддаси – мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 209-моддаси – мансаб сохтакорлиги билан иш қўзғатилгани айтилган эди.
Тергов маълумотларида нима бор эди?
4,2 гектар ер яқин қариндошлар номига аукционсиз расмийлаштирилгани айтилган. Қариндошларга 166 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилгани тилга олинган. “Сурхондарёдонмаҳсулотлари”да 35 миллиард сўмлик дон талон-торож қилингани бўйича тергов ҳаракатлари кетгани хабар қилинган.
Шундай қилиб, коррупционер собиқ ҳоким энди маҳалла тизими тепасига қайтди.
Маҳалла, деймиз. Адолат, деймиз. Халқ билан ишлаш, деймиз. Камбағални эшитиш, деймиз. Лекин халққа энг керак пайтда битта оддий саволга жавоб берилмади:
Бу жиноят иши нима бўлди? Суд бўлдими? Оқлов чиқдими? Иш тугатилдими?
Айбловлар бекор қилиндими?
Ёки Ўзбекистонда баъзи жиноят ишлари ҳам “карьера трамплини” вазифасини бажарадими?
Агар Эркин Алимов оқланган бўлса – марҳамат, халққа расмий ҳужжат кўрсатилсин. Агар иш ёпилган бўлса – сабаби айтилсин. Агар айбловлар асоссиз бўлган бўлса – ўша пайтдаги шов-шувли хабарлар учун изоҳ берилсин.
Аммо жамоатчиликка ҳеч қандай очиқ тушунтириш берилмасдан, шундай шахснинг яна раҳбарлик лавозимига чиқарилиши – коррупцияга қарши кураш эмас, коррупция ҳақидаги шиорларнинг устидан сийишдир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг