ТРАМПНИНГ ДЎҚ-ПЎПИСАЛАРИГА ҚАРАМАЙ, ЭРОН БИЛАН МУЗОКАРАДАН БОШҚА ЙЎЛ ЙЎҚ – ЖЕРЕМИ БОУЭН
Би-би-сининг халқаро муҳаррири Жереми Боуэн Трампнинг Эронга нисбатан кескин таҳдидларига қарамай, Вашингтон учун энг реал йўл ҳали ҳам музокаралар эканини таъкидлайди. Кенг қамровли уруш бутун минтақа ва жаҳон иқтисодиёти учун оғир оқибатлар келтириши мумкин.
Би-би-сининг халқаро муҳаррири Жереми Боуэн АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон ҳақидаги сўнгги кескин баёнотларини жиддий қабул қилиш кераклигини таъкидлади.
Унинг фикрича, Трамп қанчалик қаттиқ гапирмасин, Вашингтон учун Теҳрон билан музокараларни давом эттиришдан яхшироқ йўл кўринмаяпти.
Трамп Туркияда бўлиб ўтган НАТО саммитида Эрон раҳбариятига нисбатан ўта кескин сўзлар ишлатди.
«Мен улар билан бошқа иш кўришни истамайман. Улар – разиллар. Разил нима эканини биласизми? Мана улар – разиллар. Улар касал одамлар. Уларни касал одамлар бошқаряпти. Улар ёвуз ва шафқатсиз одамлар», – деди АҚШ президенти.
Кейинроқ чоршанба куни Трамп ўз таҳдидларини янада кучайтириб, АҚШ Эронга «эҳтимол, яна кучли зарба бериши»ни билдирди. У Эрон томонини олдиндан огоҳлантирганини ҳам айтди.
«Мен уларни бироз огоҳлантирдим. Биз бу оқшом уларга яна жуда кучли зарба берамиз», – деди Трамп.
Жереми Боуэнга кўра, Трампнинг сўнгги баёнотлари асосан қаттиқ сиёсий риторика ва босим воситаси сифатида кўриниши мумкин. Аммо шу билан бирга, ушбу гаплар орасида муҳим бир ишора ҳам бор: музокаралар барибир давом этади.
Маълум қилинишича, Эрон билан музокаралар бир муддат тўхтатиб турилган. Бунга Исроил ва АҚШ ҳаво кампаниясининг биринчи куни – 28 февралда ҳалок бўлган Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий билан боғлиқ кўп кунлик дафн маросимлари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Боуэн таҳлилига кўра, Трампнинг пўписаси ва ҳарбий таҳдидларига қарамай, Вашингтон учун энг мақбул йўл ҳали ҳам дипломатиядир. Эрон билан кенг кўламли уруш хавфи АҚШ, минтақа давлатлари ва жаҳон иқтисодиёти учун оғир оқибатлар келтириши мумкин.
Шу боис, Трамп қаттиқ баёнотлар орқали босимни ошираётган бўлса-да, амалда музокаралар столига қайтиш эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда.
Манба: Би-би-си рус хизмати.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг