Ички ишлар вазирлиги қошида “Жасорат мактаби” номи остида ташкил этилаётган 10 кунлик лагер қуйи поғонадаги ходимларнинг ташвишига айланди.

Расмий талабларга кўра, ҳар бир тумандан камида 5 нафар иштирокчи топиб мактабга юбориш шарт. Амалда эса бу вазифа жойлардаги масъуллар учун ҳақиқий бош оғриғи бўлмоқда. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни топиш, уларни 10 кунлик ўқишга кўндириш, юбориш мушкул масала.

«Жасорат мактабига бир кун борган ёшлар қайта боришни истамайди. Айримлари ҳатто очиқчасига норозилик билдириб, қайтиб бормайман деяпти. Аксарият мактаблардан бирор фойда йўқ, ёшлар вақтини бекорга совуряпти» – дейди жалб қилишга масъул ходимлар.

Афтидан, фақатгина ҳисобот учун ташкил этилган навбатдаги «ташаббус» ички ишлар тизими ходимларини икки ўт орасида қолдирди. Юқоридан босим, қуйида ёшларнининг безиллагани етмаганидек мактаб тингловчилари учун керакли ўқув шароитларни ҳам кўп ҳолларда ходимларнинг ўзи таъминлашга мажбур бўлаяпти.

Аслида, ҳар қандай ташаббуснинг қиймати унинг тизмий ва изчил амалга оширилаётгани, якуний натижаси билан ўлчанади. Ёшларни овора қилиб вақтини совурадиган Жасорат мактаби эса ҳозирча фақат норозиликларни келтириб чиқаряпти.