ИЗБОСКАНДА ЗОВУР УСТИГА ДЎКОН ҚУРИЛЯПТИ
Избоскан тумани марказий шифохонаси олдидаги зовур тўсилиб, унинг устига савдо дўкони қурилаётгани айтилмоқда. Аҳоли сув тошқини ва санитария хавфи, рухсатномалар шаффофлиги бўйича саволлар бермоқда.
Андижон вилояти Избоскан тумани марказий шифохонаси олдидаги зовур тўсилиб, унинг устига савдо дўкони қурилаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда Элтузарга юборилган видеомурожаатда маълум қилинган.
Мурожаат муаллифининг даъвосига кўра, қурилиш ортида Бахтиёр исмли шахс турибди ва у ўз ҳаракатларини вилоят ҳокими номи билан боғламоқда. Бироқ бу даъволар ҳозирча расмий идоралар томонидан тасдиқланган эмас.
Маҳаллий аҳоли ушбу зовурда катта миқдорда сув тўпланишини, уни камида ҳар беш йилда тозалаш зарурлигини таъкидламоқда. Зовурнинг беркитилиши келгусида сув тошиши, ҳудудни сув босиши ва санитария муаммоларини келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирилган.
Видеода қурилиш жараёнида дарахтлар кесилаётгани, айрим ишлар эса кечаси олиб борилаётгани ҳам айтилган. Мурожаатчилар Экология бошқармаси, туман ҳокимлиги, қурилиш назорати ва бошқа масъул идоралардан вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.
Ҳозирча зовур устидаги қурилишга ким рухсат бергани, ер майдони қонуний ажратилгани, қурилиш ва кадастр ҳужжатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги очиқланмаган.
Фуқаролар ер майдонининг ажратилиши қонунийлигини текшириш, барча рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини жамоатчиликка ошкор қилиш ҳамда зарурат бўлса, ҳудудни очиқ аукционга чиқаришни талаб қилмоқда.
Элтузар Избоскан тумани ҳокимлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Экология бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Кадастр агентлигидан расмий изоҳ кутмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг