Исроил ҳукумати интернетда Исроилга ижобий муносабатни кучайтирувчи контентни тарқатиш ва бу материаллар орқали ChatGPT, Claude ва Gemini каби сунъий интеллект тизимларининг жавобларига таъсир кўрсатишга қаратилган йирик рақамли кампанияни молиялаштирмоқда.

Бу ҳақдаги маълумотлар АҚШ Адлия вазирлигининг хорижий агентларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қонуни — FARA доирасида эълон қилинган расмий ҳужжатлар, шунингдек Axios, TIME ва бошқа нашрлар суриштирувларида келтирилган.

Кампания марказида АҚШ президенти Дональд Трампнинг собиқ сайлов кампанияси раҳбари Брэд Парскейл бошқарадиган Clock Tower X компанияси турибди.

FARA ҳужжатларига кўра, Clock Tower X халқаро Havas Media тармоғи орқали Исроил давлати номидан АҚШда стратегик коммуникация ва медиа кампаниясини амалга оширишга жалб қилинган. Шартномада кампаниянинг расмий мақсади АҚШда антисемитизмга қарши курашиш деб кўрсатилган.

Бироқ ҳужжатнинг техник қисмида анча қизиқ банд мавжуд.

Clock Tower X интернет сайтлари ва материалларни жойлаштириш орқали “GPT суҳбатларида GPT framing натижаларини таъминлаш” вазифасини ҳам ўз зиммасига олган.

Бу, амалда, интернетда муайян нуқтаи назардан ёзилган манбалар сони ва уларнинг қидирув тизимларида кўринишини ошириб, кейинчалик сунъий интеллект тизимлари фойдаланадиган ахборот муҳитига таъсир қилишга уринишни англатади.

Шартномада MarketBrew номли сунъий интеллектга асосланган SEO платформасидан фойдаланиш, устувор мавзулар бўйича ҳар ой камида 20 та веб-саҳифа тайёрлаш, уларнинг қидирув тизимларидаги ўрнини яхшилаш ва контент стратегиясини мунтазам ўзгартириб бориш ҳам белгиланган.

Кампания фақат сунъий интеллект билан чекланмайди.

Ҳужжатларга кўра, ҳар ой камида 100 та асосий медиа маҳсулоти ва уларнинг 5 мингга яқин турли вариантини тайёрлаш режалаштирилган. Контентнинг камида 80 фоизи Z авлодига мослаштирилиб, TikTok, Instagram, YouTube, подкастлар ва бошқа платформалар орқали тарқатилиши керак.

Шунингдек, пуллик реклама орқали ҳар ой камида 50 миллион марта кўринишга эришиш мақсад қилиб қўйилган.

Дастлабки шартномада бу ишлар учун тўрт ой давомида ҳар ой 1,5 миллион доллардан — жами 6 миллион доллар маблағ кўзда тутилган. Кейинчалик кампания кўлами кенгайгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Quincy Institute ҳисоботига кўра, Clock Tower X билан боғлиқ бир йиллик шартноманинг умумий қиймати 46,5 миллион долларга етган.

Axios суриштирувига кўра, Парскейл жамоаси Исроилга ижобий нуқтаи назарни илгари сурадиган бир қатор алоҳида веб-сайтларни яратган. Уларнинг материаллари Исроил–АҚШ муносабатлари, Ғазодаги уруш, ҲАМАС, Исроил ҳарбий амалиётлари ва Исроил сиёсати ҳақидаги мавзуларни қамраб олади.

Бу сайтларнинг айримлари оддий ўқувчилар орасида катта аудиторияга эга эмас. Аммо кампаниянинг мантиғи ҳам айнан шунда: материални аввало инсонлар эмас, балки қидирув роботлари ва сунъий интеллект тизимлари “кўриши” учун оптималлаштириш.

Axios маълумотига кўра, Clock Tower X жамоаси ўз материалларининг AI тизимларига қандай кириб боришини текшириш учун ҳатто сунъий интеллект платформасининг синов моделини ҳам яратган. Компания ўз контенти айрим AI жавобларида пайдо бўлаётганини айтган, аммо бу даъвони тасдиқловчи тўлиқ маълумотларни очиқламаган. Axios мустақил текширувида эса ChatGPT синовларидан бирида Clock Tower X сайтлари манба сифатида кўрсатилмаган.

Шу сабаб бу хабарни “Исроил ChatGPT’ни сотиб олди” ёки “OpenAI Исроил учун ChatGPT’ни ўзгартиряпти” деб талқин қилиш нотўғри бўлади.

Ҳозирча OpenAI билан Исроил ҳукумати ўртасида ChatGPT жавобларини Исроил фойдасига ўзгартириш бўйича бевосита келишув мавжудлигини кўрсатувчи ишончли далил йўқ.

Гап бошқа механизм ҳақида кетмоқда: давлат маблағи ҳисобига интернетда катта ҳажмда муайян сиёсий нуқтаи назардаги контент яратиш, уни қидирув тизимлари ва AI учун оптималлаштириш ва шу йўл билан сунъий интеллект тизимлари келажакда қайси манбаларга таянишини билвосита ўзгартиришга уриниш.

FARA ҳужжатларида GPT жавобларининг “фрейминг”ига таъсир қилиш вазифасининг очиқ қайд этилгани эса бу мақсад шунчаки тахмин эмаслигини кўрсатади.