Элтузарга «Iqbol Zamin» турар жой мажмуасидан хонадон сотиб олган фуқаролар номидан мурожаат келиб тушди. Унда қарийб 800 оила ўз уйидан айрилиб қолиш хавфи остида тургани айтилмоқда.

Мурожаат муаллифларига кўра, юзлаб фуқаролар янги қурилаётган мажмуадаги хонадонлар учун маблағни тўлиқ ёки қисман тўлаган. Бироқ қурилишни амалга оширган инвесторлар ўз мажбуриятларини бажармасдан, объектни охирига етказмай қолдиргани иддао қилинмоқда.

Юзлаб харидорнинг талаби битта: пули тўланган уйлар тақдири нима бўлади? «Iqbol Zamin»даги вазият видеода.

Шикоятда айтилишича, қурилиш жараёнида инвесторлар «AloqaBank» АТБдан йирик миқдорда кредит олган ва мажмуани гаровга қўйган. Кейинчалик кредит мажбуриятлари бажарилмагани ортидан банк иқтисодий судга мурожаат қилган.

Мурожаат муаллифлари суд қарорлари натижасида гаровдаги объект банк фойдасига ундирилиши мумкинлиги ва бу ҳолат амалда ўз маблағига хонадон сотиб олган юзлаб оилаларни уйсиз қолдириш хавфини туғдираётганини билдирмоқда.

Уларнинг эътирози шундаки, банк ва инвестор ўртасидаги кредит муносабатларининг таваккали хонадон учун пул тўлаган оддий харидорлар зиммасига тушмаслиги керак.

Мурожаатда мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура тизимида тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани ҳам қайд этилган. Бироқ фуқароларнинг таъкидлашича, ҳозирга қадар уларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш, банк ундирувини тўхтатиш ёки қурилишни якунлаш бўйича аниқ ечим тақдим этилмаган.

Шикоятчилар масала ортида 800 га яқин хонадон ва тахминан 3–4 минг нафар инсон тақдири турганини урғуламоқда.

Фуқаролар Президент Шавкат Мирзиёев, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга мурожаат қилиб, иқтисодий суд қарорлари ва ижро ҳаракатларини қайта кўриб чиқиш, жиноят ишини назоратга олиш ҳамда банк, прокуратура, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жабрланганлар иштирокида ишчи гуруҳ тузишни сўрамоқда.

Шунингдек, улар қурилиши тугалланмаган мажмуани давлат ва банк кўмагида охирига етказиш, хонадонларни ҳақиқий харидорларга топшириш механизмини ишлаб чиқишни талаб қилмоқда.

Элтузар мурожаатда келтирилган даъволарни ҳозирча мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. «AloqaBank» АТБ, Бош прокуратура, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, иқтисодий судлар ва «Iqbol Zamin» лойиҳаси масъуллари расмий муносабат билдирса, уни ҳам эълон қилишга тайёрмиз.