Ижтимоий тармоқларда кўпроқ кўришлар, лайклар ва обуначилар йиғиш илинжида тайёрланаётган айрим видеолар нафақат ахлоқий, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам жиддий оқибатларга сабаб бўлмоқда.

Яқинда Инстаграмда «Келажакда хотиним фақат четкий зарбаларни қабул қилиши учун машқ қиляпман» деган мазмунда видео жойлаган спортчи маъмурий жавобгарликка тортилди. Миробод тумани суди унга 24,7 миллион сўм жарима тайинлади. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган мобил телефон давлат фойдасига мусодара қилинди.

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай контент сўз эркинлиги доирасида баҳоланавермайдиганини яна бир бор кўрсатди. Аёлларга нисбатан зўравонликни тарғиб қилувчи, уни оддий ҳол сифатида кўрсатувчи ёки бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантирувчи материаллар жамиятда салбий кайфият шакллантиради. Бу эса қонунчиликда белгиланган меъёрларни бузиш сифатида баҳоланиши мумкин.

Охирги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик сезиларли даражада кучайтирилди. Шу боис ижтимоий тармоқлардаги ҳазил ёки «хайп» мақсадида тайёрланган роликлар ҳам, агар улар зўравонликни оқласа ёки тарғиб қилса, ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Бу воқеа барча блогерлар, спортчилар ва фаол ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун муҳим сабоқдир. Интернетга жойланган ҳар бир сўз ва ҳар бир видео нафақат жамоатчилик, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборида ҳам бўлиши мумкин. Демак, виртуал макондаги масъулият реал ҳаётдагидан кам эмас.