БОШ ВАЗИР КАСАЛЛИК БАҲОНАСИДА ҚАМОҚ ЖАЗОСИДАН ҚУТИЛИБ ҚОЛДИМИ?
Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон соғлиғи бўйича хавотирлар сабабли қамоқдан Исламабоддаги Shifa International Hospital шифохонасига олиб борилди, бир неча соатлик текширувдан сўнг эса тиббий жиҳатдан соғлом деб топилиб, яна қамоқхонага қайтарилди.
Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон қамоқдан шифохонага олиб кетилди. Собиқ бош вазир Имрон Хон суд қарори асосида Исламабоддаги шифохонага олиб борилди. Олий суд унинг соғлиғи билан боғлиқ хавотирлар сабабли қамоқдан Shifa International Hospitalга кўчирилишини буюрган.
Собиқ бош вазир 2023 йил августидан бери қамоқда. Унга нисбатан 100 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилган бўлиб, асосий айбловлар коррупция ва давлат совғаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ.
Айни пайтда у «Ал-Қодир Траст» коррупция иши бўйича 14 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Тергов маълумотларига кўра, иш 190 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағ ва қимматбаҳо ер билан боғлиқ.
Имрон Хон ўзини айбдор деб ҳисобламайди ва ишларни сиёсий таъқиб деб баҳолаяпти.
Унинг бошқа ишлари, жумладан давлат сирларини ошкор қилиш ва давлат совғаларини сотиш билан боғлиқ айбловлар ҳам бор. Айрим ҳукмлар кейинчалик бекор қилинган ёки тўхтатилган.
Имрон Хон шифохонада бир неча соат тиббий кўрикдан ўтгач, «тиббий жиҳатдан соғлом» деб топилган ва яна Адияла қамоқхонасига қайтарилди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг