Ижтимоий ҳимоя тизимининг Imp.ihma.uz сайтида ягона сўровнома ўтказиш жараёнида муҳим функциялардан бири бўлган “Рад этиш” тугмаси йўқолиб қолди.

Бунинг оқибати эса жиддий бўлиши мумкин. Қонун ва қарор талабларига мос келмайдиган ҳолатларда сўровномани рад этиш имконияти бўлмаса, айрим фуқаролар автоматик тарзда Ижтимоий реестрга кириб кетиши ёки чиқарилиб кетиши эҳтимоли пайдо бўлади.

Аҳоли орасида “фалончи ҳам камбағаллар рўйхатига кирибди-ку” деган гаплар кўпайиб, давлат идоралари ва тизим ходимларига бўлган ишончга путур етиши мумкин.

Яна бир муаммо — тизимдаги техник ўзгаришлар ҳақида қуйи бўғинда ишлаётган ходимларга маълумот берилмаслигида. Амалда муаммони биринчи бўлиб жойларда ишлаётган мутахассислар сезади. Кейин эса масала юқори ташкилотларга чиқади ва маълум вақтдан сўнг ўша ходимнинг ўзи аниқлаган муаммо унга расмий жавоб сифатида қайтарилади. Аммо муаммо қачон бартараф этилиши, қанча вақт давом этиши ҳақида аниқ маълумот берилмайди.

“Ахир биз бир жамоамиз, бир кемадамиз” деган чақириқлар тез-тез янграйди. Шундай бўлса, тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида уни ҳар куни ишлатаётган ходимлар ҳам ўз вақтида хабардор қилиниши керак эмасми?

Тизимда техник ишлар олиб борилаётган бўлса, бу ҳақда қуйи бўғиндаги ходимларга ҳам расмий ахборот берилиши шарт. Чунки ахборотсизлик техник хатонинг ўзидан ҳам каттароқ муаммо келтириб чиқариши тайин.