ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАР АГЕНТЛИГИ КЎЗБЎЯМАЧИЛИКДАН ҚЎРҚМАЙДИ
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида мурожаатлар билан ишлаш ва кадрлар сиёсатини юритишда сунъий чўзилиш, қоғозбозлик ҳамда қариндош-уруғчилик аломатлари ҳақида эътирозлар кучаймоқда. Комплаенс назорати қай даражада ишлаяпти?
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида мурожаатлар билан ишлаш ва кадрлар сиёсати юзасидан эътирозлар сони ортмоқда.
Манбаларга кўра, фуқароларнинг Агентликка йўллаган мурожаатлари ҳудудий бошқармалар ва туман-шаҳар “Инсон” марказлари томонидан ўрганилиб, жавоб хатлари тайёрланади. Бироқ ушбу жавоблар Агентликнинг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси томонидан қайта-қайта ҳудудларга қайтарилиб, айрим ҳолларда бир хил мазмундаги жавоб хатлари фуқароларга 7-8 мартагача қайта юборилади.
Бу ҳолат мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнининг сунъий равишда чўзилишига, ортиқча қоғозбозликка ва фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончи пасайишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, янги ташкил этилган Ижтимоий суғурта жамғармаси бошқармаларига суҳбат асосида ишга қабул қилинган ходимларнинг раҳбарият билан қариндош-уруғчилик алоқалари мавжудлиги эҳтимоли юқори.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси ҳамда Инсон ресурсларини ривожлантириш бошқармаси фаолиятини Комплаенс назорати томонидан ўрганиш, аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли чоралар кўриш шарт. Бу ҳақида Элтузар иккинчи марта маълум қилмоқда, бироқ Агентликнинг парвойи фалак.
Бундай лоқайдликнинг журъат қайноғи қайда?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг