Ички ишлар органларида ID-карта ва автомобилни расмийлаштириш жараёнида фуқаролардан давлат божига қўшимча равишда хусусий компаниялар хизмати учун пул олинаётгани юзасидан саволлар туғилмоқда. Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, бу хизматларни «DAVR-SMART-SERVICE» ва «AUTODOC» МЧЖлари кўрсатади.

ID-карта учун келтирилган ҳисобда 391 600 сўм давлат божига 13 400 ва 44 000 сўм қўшилиб, жами тўлов 449 000 сўмга етади. Демак, кўрсатилган қўшимча сумма 57 400 сўмни ташкил этади. Автомобилни расмийлаштиришда эса 300 400 сўм қўшимча тўлов олиниши айтилмоқда. Бу тўловлар мажбурийми ёки фуқаро бошқа усулда тўлашни танлаши мумкинми – аниқлик киритилиши лозим бўлган асосий масала шу.

Тақдим этилган ИИВ раҳбарияти йиғилишининг 2025 йил 3 июлдаги 98-сон баёнида фуқароларга хизмат кўрсатиш фақат шу икки компания томонидан амалга оширилишини назорат қилиш, йўл ҳаракати ва миграция тизимларини «норасмий фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларидан тозалаш» вазифалари қайд этилган. Шунингдек, ҳар бир автомобил қайси тадбиркор орқали хизмат олганини ҳисобга олиш ва бу ҳақда ҳар ўн кунда ҳисобот бериш белгилангани айтилмоқда.

Тақдим этилган 2023 йилги ИИВ Молия департаменти хатига кўра, компанияларга давлат биноларидан 150 квадрат метргача жой ижарасиз ажратилган. Нархлар рўйхатлари компания директори томонидан тасдиқланиб, департамент билан келишилгани билдирилмоқда.

Ҳужжатлар бу икки компания қандай танлангани, уларнинг муассислари кимлиги ва бошқа тўлов операторлари ушбу биноларда хизмат кўрсата оладими, деган саволларга жавоб бермайди.

ИИВ, Рақобат қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тўловларнинг ҳуқуқий асоси, компанияларни танлаш тартиби ва фуқароларда муқобил тўлов имконияти бор-йўқлигига ойдинлик киритиши керак.